Украина президенти Володимир Зеленский июл ойи бошида мамлакат уруши натижаси кўп жиҳатдан ҳаводаги устунликка боғлиқлигини таъкидлаб, Украина бу соҳада рақобатбардош бўлиб бораётганини айтган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, у Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) томонидан амалга оширилаётган «40 кунлик узоқ масофали санкциялар режаси» ҳақида маълум қилди. 10 июл куни эса Украина Қуролли кучлари таркибида Россияга узоқ масофадан таъсир кўрсатиш бўйича алоҳида қўмондонлик ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

26 июл куни Зеленский ҳарбий қўмондонлик билан йиғилиш ўтказиб, Россиядаги устувор нишонлар рўйхатини янгилади ва амалиётларни давом эттиришга келишилди. Украина президентининг маълум қилишича, жорий йилнинг ўзидаёқ мамлакат мудофаа кучлари «узоқ масофали санкциялар» доирасида мингдан ортиқ ўт очиш вазифасини бажарган.

Қандай объектлар нишонга олинмоқда?

Украиналик ҳарбий таҳлилчиларнинг фикрича, асосий нишонлар Россиянинг нефтни қайта ишлаш заводлари, нефт базалари ва қувур тармоқларидаги насос станцияларидир. Шу билан бирга, Пензада ракета қисмлари ишлаб чиқарадиган завод, Чебоксаридаги «ВНИИР-Прогресс» корхонаси, ҳаво мудофаа тизимлари, ҳарбий кемалар, логистика марказлари ҳамда сўнгги вақтларда Wildberries компаниясининг омборлари ҳам зарбалар остида қолмоқда.

Украина томони бу логистика марказларидан Россия армияси эҳтиёжлари учун санкциялар остидаги бутловчи қисмларни ташишда фойдаланилганини иддао қилмоқда.

Зарбалар географияси кенгаймоқда

Украина дронлари ва бошқа узоқ масофали қуроллари Россиянинг аввал хавфсиз ҳисобланган ҳудудларига ҳам етиб бормоқда. Улар Ярославл вилояти, Удмуртия, Перм ўлкаси, Бошқирдистон ва Уфадаги нефт объектларига, шунингдек, Каспий денгизидаги нишонларга ҳам зарба берган.

Украина манбаларига кўра, айрим нишонлар мамлакат чегарасидан 3 минг километрдан ортиқ масофада жойлашган.

Таҳлилчилар Россиянинг улкан ҳудуди ҳаво мудофаа тизимлари билан барча инфратузилмани бир вақтнинг ўзида ҳимоя қилишни қийинлаштираётганини таъкидламоқда.

Арзон дронлар асосий воситага айланди

Украина узоқ масофали кампаниясида маҳаллий ишлаб чиқарилган FP-1 каби камикадзе-дронлар асосий ўринни эгалламоқда. Defense Express келтирган Украина Бош штаби маълумотларига кўра, чуқур ҳудудлардаги нишонларнинг қарийб 54 фоизи айнан шу турдаги дронлар орқали йўқ қилинган.