Финландия Ташқи ишлар вазирлиги 21 август, жума куни Россия элчиси Павел Кузнецов вазирликка чақирилганини маълум қилди. Бунга Россиянинг разведка самолёти Финландия ҳаво ҳудудини бузган бўлиши мумкинлиги сабаб бўлган.

Финландия чегара қўриқлаш хизмати маълумотларига кўра, гап Россиянинг Ил-20 самолёти ҳақида кетмоқда. Самолёт бир кун аввал Финландия ҳаво ҳудудига кириб, у ерда тахминан уч дақиқа давомида ҳаракатланган.

Ҳодиса Фин кўрфазининг ғарбий қисмида содир бўлган. Финландия расмийлари воқеа тафсилотларини ўрганмоқда. Россия элчисининг Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиши ҳам ҳодиса юзасидан Москва томонининг изоҳини олиш билан боғлиқ.

Бундан аввал, июль ойи охирида Финландия Қуролли кучлари мамлакат жанубий соҳилларида, Россия билан чегарага яқин ҳудудда ҳаво маконининг муайян қисмини ёпган ва денгизда ҳаракатланишга чекловлар жорий қилган эди.

Reuters маълумотига кўра, бу қарор Россиядаги нишонларга йўналтирилган Украина дронлари НАТОга аъзо давлатлар ҳаво ҳудудига кириб қолиши билан боғлиқ бир қатор ҳодисалардан кейин қабул қилинган. Бундай ҳолатлар, хусусан, Финландия, Эстония ва Латвияда қайд этилган.