Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, шанба, 22 августга ўтар кечаси Киевга баллистик ракеталар билан ҳужум қилинган. Ҳужум хавфи туфайли Украина пойтахтида ҳаво тревогаси эълон қилинган.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти аҳолини баллистик қурол қўлланиши хавфи ҳақида огоҳлантириб, фуқаролардан зудлик билан яқин атрофдаги бошпаналарга ўтиш ва ҳаво тревогаси бекор қилингунига қадар у ерда қолишни сўраган.

Ҳаво тревогаси эълон қилинганидан сўнг Киевда кетма-кет кучли портлашлар эшитилган. Маълумотларга кўра, шаҳарда камида бешта кучли портлаш овози қайд этилган.

Ҳужум оқибатида Киевнинг Дарница туманида, дастлабки маълумотларга кўра, бир киши ҳалок бўлган. Шунингдек, бир неча киши турли даражада жароҳат олган. Зарба натижасида тумандаги омборхоналардан бирида ёнғин келиб чиққан.

Украина оммавий ахборот воситалари шу кеча Чернихив ва Миколайив шаҳарларида ҳам портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берди. Ҳозирча ушбу ҳудудлардаги эҳтимолий талафотлар ва вайронагарчиликлар кўламига оид батафсил маълумотлар келтирилмаган.

Бундан ташқари, 22 августга ўтар кечаси Россия қўшинлари Запорижжя вилоятидаги Кушугум посёлкасига учувчисиз учиш аппарати билан зарба берган. Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Фёдоровнинг маълум қилишича, дрон ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши жароҳатланган.

Шу тариқа, Украина расмийлари тарқатган дастлабки маълумотларга кўра, Киев ва Запорижжя вилоятидаги тунги ҳужумлар оқибатида жами камида икки киши ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳат олган.