Вазирлар Маҳкамасининг 450-сон қарори билан касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ўқишини кўчириш ёки қайта тиклаш ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларининг 10-синф ўқувчилари ўқишини техникумларга кўчириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламенти тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, касбий таълим ташкилотлари ўқувчиларининг ўқишини бошқа таълим ташкилотига кўчириш ёки қайта тиклаш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг ягона тартиби белгиланади.

Янги тартибнинг муҳим жиҳатларидан бири — умумтаълим мактабларининг 10-синфида таҳсил олаётган ўқувчиларга ўқишини техникумларга кўчириш имконияти яратилишидир. Бу жараён учун алоҳида тартиб белгиланади.

Давлат хизматидан фойдаланиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали электрон шаклда топширилади.

Шунингдек, касбий таълим ташкилотларига ўқишни кўчириш ва қайта тиклаш бўйича хулоса беришнинг ягона механизми жорий қилинади.

Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда икки ой муддатда мазкур давлат хизматларини ЯИДХП орқали тўлиқ кўрсатиш имкониятини йўлга қўйиш белгиланган.

Янги тартиб 10-синф ўқувчиларига умумий ўрта таълимдан касбий таълимга ўтиш ва муайян касб ёки мутахассислик бўйича таълим олиш имкониятларини кенгайтиради.