Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг мажбурий рўйхатдан ўтиш муддатини 5 кундан 15 кунгача узайтириш бўйича протокол имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Чегараолди ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат чегараси тўғрисидаги шартнома, Ўтказиш пунктлари ва фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги протоколлар имзоланди. Чегара масалаларини тўлиқ ҳал қилдик, ўтказиш пунктлари сонини 15тадан 30тага оширдик, икки давлат фуқароларининг мамлакатда бўлиб туриш муддатини 15 кунгача узайтирдик”, деди Қирғизистон президенти.

Ҳужжат Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларини давлат чегарасини кесиб ўтган вақтдан бошлаб 15 сутка давомида қабул қилувчи мамлакатнинг ваколатли органларида вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод қилишни назарда тутади.

Янги тартиб томонлар ички давлат тартиб-таомилларини тўлиқ бажарганидан кейин кучга киради.

Жапаров шунингдек, Андижонда Қирғиз Республикасининг бош консулхонаси очилишини маълум қилди.