28 июл куни Саудия Арабистони ўзининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари қиролликдаги нефть объектларини нишонга олган ўнлаб дронларни йўқ қилганини маълум қилганди. Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги ҳужумларни «Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи жангарилар Ироқ ҳудудидан амалга оширган», деб баёнот берди.
Куннинг иккинчи ярмида АҚШ Марказий қўмондонлиги ва Саудия қирувчи самолётлари билан бир нечта қурол-яроғ омборлари ва логистика объектларига юқори аниқликдаги зарбалар берганини маълум қилди.
Саудия Арабистони Мудофаа вазирлигига кўра, ҳужум қилинган объект Ироқ шарқида жойлашган бўлиб, Эрон томонидан дрон ҳужумларини бошқариш учун фойдаланилган.

АҚШ ҳарбийлари Эрондаги Муҳофизлар корпусини АҚШ қўшинлари ва Саудия энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумларни бошқарганликда айблади.
Аввалроқ Centcom АҚШ кучларига қарата учирилган бир нечта баллистик ракеталарни ўз ичига олган Эроннинг «кутилмаган ҳужум»ини барбод қилганини айтганди. АҚШ нашрларига кўра, ракеталар Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базаси томон йўналтирилган бўлган.
Ироқда қурбонлар бор. Эрон Иорданияга ҳужум қилди
Ироқнинг Халқ сафарбарлик кучлари АҚШ ва Саудия Арабистони уларнинг Басрадаги бош қароргоҳига зарба берганини тасдиқлади.
Anadolu нашрининг гуруҳга таяниб ёзишича, ҳужумларда камида 20 киши ҳалок бўлган ва яна 32 киши жароҳатланган. Бундан ташқари, Халқ сафарбарлик кучларининг бир қатор бино-иншоотларига зарар етган.

Аммо, Эрон мудофаа тизими расмийси бошқа давлатлардан Саудия объектлари томон отилган снарядларга уларнинг алоқаси борлигини қатъиян инкор этди.

















