Марказий банк банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларидан солиқ ундириш таклифи тўғрисидаги хабарлар бўйича расмий баёнот берди.

“Мазкур масала юзасидан билдирилган фикр Фискал таҳлиллар институти томонидан ўтказилган илмий-таҳлилий тадқиқот доирасида илгари сурилган. Илмий-тадқиқот муассасалари халқаро тажриба ва иқтисодий жараёнларни мунтазам ўрганиб, турли таҳлилий таклифларни илгари суриши табиий”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, бу фикр илмий-тадқиқот натижалари тақдимоти доирасида билдирилган бўлиб, расмий таклиф сифатида киритилмаган.

Марказий банк таклифларни ўрганишда уларнинг молиявий ресурслар қийматига, банкларнинг ресурс базаси ҳамда молиявий барқарорликка таъсирини комплекс баҳолашга алоҳида аҳамият қаратишини маълум қилган.

30 июл куни «Фискал мулоқот» тадбирида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти бош мутахассиси Фазлиддин Шамсиев банк депозитлари бўйича фоиз даромадлари солиққа тортилиши мумкинлигини айтганди.