Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти 30 июл куни ўтказилган Фискал мулоқотда 2027 йил учун мўлжалланаётган солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари юзасидан ишлаб чиқилган таклифларни жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Институтнинг Яширин иқтисодиёт, солиқ ва божхона маъмурчилигини таҳлил қилиш бошқармаси бош мутахассиси Фазлиддин Шамсиевга кўра, билдирилаётган таклифлар институт мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида ишлаб чиқилган.

Базавий солиқ ставкалари сақлаб қолиниши таклиф этилди
Институт ҳисоб-китобларига кўра, 2027 йилда базавий солиқ ставкаларини ўзгартирмаслик мақсадга мувофиқ. Шунга кўра:
- фойда солиғи — 15 фоиз;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 12 фоиз;
- қўшилган қиймат солиғи — 12 фоиз миқдорида сақлаб қолиниши таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, қатъий белгиланган солиқ ставкаларини инфляция даражасида, тахминан 5–6 фоизга индексация қилиш ҳамда уларни камида уч йил олдин эълон қилиб бориш тавсия этиляпти.
Даромад солиғига прогрессив шкала
Институт ўрта муддатли истиқболда жисмоний шахслар даромад солиғини прогрессив шкала асосида ундириш тизимига ўтишни ҳам таклиф қилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, 2019 йилдан бери амал қилаётган ягона 12 фоизлик ставка даромадлар ўсиб бораётган шароитда солиқ адолатлилиги тамойилларига тўлиқ жавоб бермай қолмоқда.
Банк омонатларидан олинадиган фоизларга 5 фоизлик солиқ таклиф қилинди
Вазирлик ҳузуридаги институт яна бир муҳим таклиф сифатида банк омонатларидан олинадиган фоиз даромадларини солиққа тортишни илгари сурди. Маълумотларга кўра, 2026 йил 1 май ҳолатига жисмоний шахсларнинг банклардаги омонатлари ҳажми 170 триллион сўмни ташкил этган. Марказий банк маълумотларига кўра, омонатлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 16 фоиз. Институт ушбу фоиз даромадларини дивидендлар каби 5 фоизлик ставкада солиққа тортишни таклиф қилмоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, бу давлат бюджетига қўшимча 1,4 триллион сўм даромад келтириши мумкин. Мутахассислар аксарият ривожланган давлатларда банк омонатларидан олинадиган даромадлар солиққа тортилишини ҳам мисол қилиб келтирди.

















