Мирзо Улуғбек туманида яшовчи ёлғиз кекса аёл қаровсиз қолдирилгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Бош прокуратура ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа қулфланиб қолган эшикларни очиш хизмати билан шуғулланувчи йигит томонидан олинган. Унга Мирзо Улуғбек туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида ёлғиз яшовчи кекса аёлнинг уйи эшиги қулфланиб қолгани ҳақида хабар беришган.
Йигит манзилга бориб, эшикни очган. Шунда хонадонда яшовчи кекса аёл унинг устидан қулфлаб кетишганини, бир неча кундан бери овқатланмаганини айтган. Видеолавҳада аёлнинг уйи бошқа шахслар номига ўтказиб олингани ҳақида ҳам гап борган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги расмий муносабат билдириб, ҳолат зудлик билан алоҳида назоратга олинганини маълум қилди.
“Ҳозирда агентликнинг ҳудудий масъуллари ҳамда тегишли ташкилотлар иштирокида ҳолат барча жиҳатлари билан ўрганилмоқда. Кекса фуқаронинг ижтимоий ҳолати, эҳтиёжлари ва унга зарур ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда”, дейилади муносабатда.
Бош прокуратурага кўра, ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Аниқланишича, 1940 йилда туғилган Л.Журавлёва тумандаги хонадонда ёлғиз истиқомат қилиб келган. У соғлиғи билан боғлиқ бир қатор касалликлар сабабли диспансер ҳисобида турган.
Л.Журавлёвага тегишли бўлган хонадон 2025 йил 25 сентябр куни нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди шартномаси асосида бошқа шахс номига ўтказилгани аниқланган.
Уй-жойни бегоналаштириш вақтида аёл ўз ҳаракатлари аҳамиятини англаш ва уларни бошқариш қобилиятига оид ҳолатлар ҳамда унинг фирибгарлик жинояти қурбони бўлган бўлиши мумкинлигини текшириш зарурати мавжудлиги инобатга олиниб, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











