Тошкент вилояти ИИББнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор-қидирув тадбирида кўп қаватли уйнинг тўртинчи қаватида ташкил этилган ноқонуний қўнғироқлар маркази фош этилган. Идора ушбу марказни «кибербункер» деб атаган.
ИИББ хабарига кўра, Фарғона вилоятида яшовчи, 2005 йилда туғилган Д.Х. ва унинг шериклари фуқароларга қўнғироқ қилиб, уларни гўёки акция ғолиби бўлганига ишонтирган.
Сўнг «совға учун тўлов» фуқарога ажратилган кредит ёки микроқарз лимити ҳисобидан вақтинча якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига ўтказилиши кераклигини айтган. Бунинг эвазига акцияда ютилган маиший техника кейинроқ етказиб берилишини ваъда қилишган.
Гуруҳ аъзолари савдо платформасида ўзларини маҳсулот етказиб берувчи сифатида ҳам рўйхатдан ўтказган. Маҳсулотини талаб қилган ёки шикоят қилишини билдирган айрим харидорларга жуда арзон, сифатсиз ёхуд буюртмага мос келмайдиган товарлар юборилган.
ИИББга кўра, шу тариқа фуқароларнинг эътибори чалғиб, уларга ажратилган кредит ёки микроқарз лимитлари тўлиқ ўзлаштирилган. Маблағлар ўтказилганидан кейин эса кўп ҳолларда жабрланувчилар билан алоқа узилган.
Текширувларда ноқонуний марказда беш нафар оператор ишлагани аниқланган. Улар ижтимоий тармоқлардаги сохта онлайн дўконлар номидан юзлаб фуқароларга қўнғироқ қилган.
Тезкор тадбир давомида 10 та компьютер жамланмаси, саккизта мобил телефон, фуқароларнинг шахсга доир маълумотлари ва Uzum Nasiya орқали ажратилган лимитлар жадвалларидан иборат 150 варақ ҳужжат ҳамда иккита дафтар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда гуруҳ аъзоларининг бошқа ҳудудлардаги шундай ҳолатларга алоқадорлиги текширилмоқда. Етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва уни қоплаш юзасидан дастлабки тергов ҳамда тезкор-суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
ИИББ фирибгарлик ҳолатларидан жабрланган фуқароларни яқин ҳудуддаги ички ишлар органига ёки қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилишга чақирган:
+998 71 762-21-35;
+998 71 762-20-24;
+998 71 762-20-25.

















