Қарорга мувофиқ, атом энергиясидан фойдаланиш ва ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомаласи соҳаларидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Шунингдек, ҳукуматнинг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштириши белгиланди.

Янги тартиб кучга киргунга қадар ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан боғлиқ фаолият учун лицензия олган субъектлар 2027 йил 1 декабрга қадар янги талаблар асосида қайта лицензия олиши лозим бўлади. Белгиланган муддатда қайта расмийлаштирилмаган лицензиялар эса ўз кучини йўқотади.

Қарор лицензиялаш жараёнларини тартибга солиш, соҳада хавфсизлик талабларини кучайтириш ҳамда атом энергияси ва нурланиш манбалари билан боғлиқ фаолият устидан назоратни такомиллаштиришга қаратилган.