Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли транспорт хизматларини рақамлаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, эҳтиёжманд фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва соҳага нодавлат секторни жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги уч йилда ижтимоий хизматлар сони 23 тадан 140 тага етди. Ҳар йили ўртача 4,6 миллионта, жумладан, маҳалла даражасида қарийб 2 миллионта ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатда ногиронлиги бўлган 168 мингдан ортиқ бола бор. Уларнинг 133,8 минг нафари таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган. Яна 34,6 минг нафар болани таълимга жалб этиш зарур.

Бунинг учун ижтимоий ходимлар иштирокида “оилабай” ишлаш тизими йўлга қўйилади. Ҳар бир боланинг эҳтиёжлари эрта босқичда ва комплекс баҳоланиб, унга мос таълим муҳити ҳамда зарур хизматлар белгиланади. Янги баҳолаш механизми 2026 йил 1 октябрдан Хоразм ва Навоий вилоятларида тажриба тариқасида жорий этилади.











