Ўзбекистон ва Қирғизистон илгари Фарғона вилояти таркибига кирган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқларини расман топшириш бўйича ташкилий-техник ишларни бошлади. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг Боткен вилоятидаги ваколатхонаси маълум қилди.

Хабар қилинишича, ишлар Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини демаркация қилиш ва ер участкаларини алмашиш бўйича эришилган келишувлар доирасида амалга оширилмоқда.

Икки давлат қўшма ишчи комиссиясининг навбатдаги йиғилиши 24 июл куни Қадамжой туманидан бўлиб ўтган. Унда томондан топширилаётган ҳудудлар аҳолсининг фуқаролик мақоми, кўчириш, мулк, хўжалик фаолияти ва бошқа ташкилий масалаларни муҳокама қилган.

3 августдан қўшма ишчи гуруҳ бевосита қишлоқларда иш бошлади. Мутахассислар аҳолини рўйхатга олиш ишларини ўтказмоқда ҳамда кейинчалик ҳужжатларни расмийлаштириш тартибини тушунтирмоқда.

Қирғизистон томонига мамлакат президентининг Боткен вилояти бўйича вакили Бактибек Токсонбаев, Ўзбекистон томонига ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғи ўринбосари Беҳзод Сайфуллаев бошчилик қилмоқда.

Қайд этилишича, Чўнғара ва Тоштепа қишлоқларида асосан этник қирғизлар яшайди. Дастлабки маълумотларга кўра, икки қишлоқ аҳолиси сони 2,5 минг нафарга яқин.

Рўйхатга олиш якунланганидан сўнг аҳолига Қирғизистон фуқаролигини бериш жараёни бошланади.

Қирғизистон Ўзбекистон томонига ушбу икки қишлоқ майдонига тенг ер майдонини беради.