Чорвачиликка ихтисослашган 13 та туманда 75 минг гектар озуқа майдонидан самарали фойдаланиш, кичик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, сут қабул қилиш пунктлари ва озуқа сотиш шохобчаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Ўзбекистонда аҳоли сони ва туризм оқимининг ўсиши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Ҳозирги кунда гўштга бўлган йиллик талаб 2 миллион 150 минг тоннани, ишлаб чиқариш ҳажми эса 1 миллион 600 минг тоннани ташкил этмоқда.

Шу боис, тақдимотда 2026-2028 йилларда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чоралар муҳокама қилинди.
Фаолият юритмаётган корхоналарни тиклаш, чорвачиликка ихтисослашган туманларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли молхоналар қуриш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Жумладан, фаолияти тўхтаб қолган 103 та чорвачилик корхонасини соғломлаштириш режалаштирилган. Уларнинг қарзларини реструктуризация қилиш ёки ўн йилга бўлиб тўлаш, озуқа етиштириш учун ер майдонлари ажратиш ва наслли моллар билан таъминлаш таклиф этилди. Натижада 33 минг бош қорамол парваришланиб, йилига 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Чорвачиликка ихтисослашган 13 та туманда 75 минг гектар озуқа майдонидан самарали фойдаланиш, кичик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, сут қабул қилиш пунктлари ва озуқа сотиш шохобчаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, аҳоли хонадонларида 20 сотих майдонда енгил конструкцияли 11 мингта молхона қуриш ва уларда 421 минг бош қорамол парваришлаш режалаштирилган.
Умумий қиймати 3 триллион сўм бўлган 802 та янги лойиҳа доирасида 68 минг бошдан зиёд қорамол ҳамда 186 минг бош қўй ва эчки парваришлаш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар йилига қўшимча 20 минг тонна гўшт ва 120 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконини беради.










