Россия ФХХ Чегара хизмати жорий йилнинг январ-июн ойларида мамлакатга хориж фуқароларининг кириб келиши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, 2026 йилнинг дастлабки икки чорагида Россияга хориж фуқаролари 7,1 млн марта ташриф буюрган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида 7,8 млн бўлган.

Россияга энг кўп фуқаролари кириб келган 10 мамлакат рейтингида Ўзбекистон биринчи ўринда қайд этилган – 1 млн 613 минг ташриф. Ўтган йили бу рақам 1 млн 825 мингтани ташкил этган.

Кейинги ўринларда Қозоғистон, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон жойлашган. Рўйхатдан шунингдек, Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Туркия ва Мўғулистон ўрин олган.

«Туризм» мақсадида январ-июн ойларида Россияга 676,4 минг марта ташриф амалга оширилган. Сайёҳларнинг асосий қисми Хитой (380,5 минг ташриф), Туркманистон (46 минг), Туркия (36,9 минг) ва Саудия Арабистони (20,6 минг) фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.

«Ишлаш» мақсадини кўрсатганлар сони 2,4 млн нафарни ташкил этган. Улар асосан Ўзбекистон (1,1 млн), Тожикистон (494 минг) ва Қирғизистон (289 минг) фуқароларидан иборат.

«Таълим олиш» мақсадида 202 минг ташриф қайд этилган. Бу борада Қозоғистон (47 минг), Хитой (42 минг) ва Ўзбекистон (26 минг) фуқаролари етакчи.

Шунингдек, 2,3 млн ҳолатда ташриф мақсади «шахсий сафар» сифатида кўрсатилган. Бундай ташрифларнинг асосий қисми Қозоғистон (850 минг), Ўзбекистон (263 минг) ва Абхазия (225 минг) фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.