Украина Россиянинг Wildberries маркетплейси омборларига ҳужумларни давом эттирмоқда. Бу сафар Ленинград областидаги омборга ҳужум оқибатида ёнғин чиққан. Москва областида ҳам омборлар зарбага учраган – бу ҳақда маҳаллий расмийлар компания номини келтирмасдан хабар берган. Беш киши ҳалок бўлгани маълум.

Асосий вайронгарчиликлар Чеховда қайд этилди: саноат зонасидаги омборда дрон урилиши натижасида йирик ёнғин чиққан

«Бугун дрон ҳужуми оқибатида округ ҳудудида шикастланишлар қайд этилди. Афсуски, қурбонлар ва яраланганлар бор», – дейилади Москва областининг Чехов округи раҳбари Михаил Собакиннинг эрталабки хабарида. У логистик комплекс биноси шикастлангани акс этган фотони эълон қилган.

Москва области губернатори Андрей Воробёв дастлабки маълумотларга кўра беш киши ҳалок бўлиб, яна 10 киши яраланганини маълум қилган.

«Асосий оқибатлар Чехов муниципал округида қайд этилган. Новоселок саноат зонасида дрон урилиши натижасида ёнғинлар чиққан. Энг жиддийси – омборхонада бўлган, ёнғин ўчоғи аллақачон бартараф этилган – деган губернатор. – Шунингдек, электр нимстанция ва маъмурий бино шикастланган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойида ишламоқда».

Солнишково қишлоғида дрон парчалари хусусий уй ва автомобилга зарар етказган, ёнғин ўчирилган, дея қўшимча қилади Москва области раҳбари.

Чеховга ҳужум оқибатлари

Расмийлар Москва областида ҳужумга учраган омборлар қайси компанияга тегишли эканига аниқлик киритишмаган.

Худди шу вақтда Ленинград областининг Тосненск районидаги Красний Бор посёлкасида Wildberries логистик объекти бўйлаб зарба берилган. «Ёнғинни ўчириш ва ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда», – дея маълум қилган компаниядагилар.

Ленинград области губернатори Александр Дрозденко 17 та дрон уриб туширилгани ҳақида хабар берган. «Айни вақтда ёнғин ўчирилган, омбор биносининг бир қисмига сув қуйиш ишлари олиб борилмоқда. Ёнғин тарқалиш хавфи йўқ. Корхонада жабрланганлар йўқ», – деган губернатор.

Exilenova+

Гипермаркетларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш билан шуғулланувчи «Лента» компанияси омборида ҳам дрон қулаши оқибатида ёнғин чиққан. Ҳужум оқибатида ишчилардан бири тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ёнғин ўчирилган. «Тақсимот маркази томонидан хизмат кўрсатилаётган дўконларда товарларнинг етарли захираси шакллантирилган», – дейилади хабарда.