Ушбу ракеталар асосан армиянинг «ер-ер» синфидаги қуроллари бўлиб, улар тактик ракета тизимлари (ATACMS) ва аниқ зарба бериш ракеталари (PrSM) сифатида танилган. Маълумотлардан хабардор уч амалдорнинг Reutersʼга айтишича, АҚШ бу қуролларнинг «деярли барчасини» ишлатиб бўлган.
Узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари – хавфсиз масофадан туриб аниқ зарба бериш имконини яратиб, ҳарбийлар арсеналининг муҳим қисмини ташкил этади. PsSM эса қисқароқ масофага эга бўлган ATACMS'лар ўрнини босувчи янги ва анча такомиллаштирилган авлоддир.
Исми сир қолиш шарти билан гапирган манбалар АҚШда ҳар бир турдаги ўқ-дорилардан қанча қолганлигини айтишдан бош тортди.

Президент Доналд Трамп февраль ойида Исроил билан бирга Эронга қарши уруш бошлаганда уни қисқа давом этишини башорат қилганди. Аммо ҳарбий ҳаракатлар чўзилиб, 5 ойдан ҳам ўтиб кетди.
Нашр манбасига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқдаги кучларини назорат қилувчи Марказий қўмондонлик (Centcom) уруш бошланишидан олдин ўзида бўлган ерга асосланган ракеталарини деярли сарфлаб бўлганди. Аммо у дунёнинг бошқа чеккаларидаги АҚШ ҳарбий захираларидан қайта тўлдирилган.
Захиралар бўйича огоҳлантириш
Reuters манбаларидан бирининг айтишича, ATACMS ва PrSM захираларининг камайиши – Трамп маъмуриятининг Эрон нишонларига ҳужум қилишнинг хавфлироқ усулларидан қочганини англатади. Масалан, бомба ташлаш учун қирувчилардан фойдаланиш ўрнига ҳар бирининг нархи 1 миллион доллардан ошадиган ракета отиб қўя қолишган.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ушбу қуроллар ҳарбийларга хавфсиз масофадан туриб нишонга ҳужум қилиш имконини беради. Шу боис улар Хитой каби кучли ҳаво мудофаасига эга бўлган рақибга қарши урушда жуда қадрли бўларди.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг март ойидаги ҳисоботига кўра, қисқароқ масофага эга бўлган ракета захиралари бошидан кам эди. Чунки у нисбатан янги ўқ-дори, бироқ АҚШ ҳарбийлари 2027 йил учун улардан кўп миқдорда буюртма берган.

















