5 август куни Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан “Самарқанд-2028” гиперспектрал сунъий йўлдоши орбитага учирилди.

“Самарқанд-2028» Хитойнинг STAR.VISION компанияси томонидан яратилган Ерни масофадан зондлашга мўлжалланган гиперспектрал сунъий йўлдош бўлиб, лойиҳа “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Қайд этилишича, компаниянинг халқаро лойиҳалари тарихида илк бор “Ўзбеккосмос” агентлиги муҳандислари томонидан ишлаб чиқилган сунъий интеллект модули сунъий йўлдошнинг борт тизимига интеграция қилинди.

Сунъий интеллект модули сунъий йўлдош томонидан олинган тасвир ва маълумотларни Ерга узатилишидан олдин бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлайди. Натижада узатиладиган маълумотлар ҳажми камаяди, керакли ахборот тезкор олинади ва кейинги таҳлил жараёнлари самарадорлиги сезиларли даражада ошади.

Олинган маълумотлардан қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш ва бошқа йўналишларда фойдаланиш режалаштирилган.

Мазкур сунъий йўлдошга “Самарқанд-2028” номи Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида 2028 йилги конгрессни Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарор шарафига танланган.