5 август куни Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан “Самарқанд-2028” ва “Лампунг-1” гиперспектрал сунъий йўлдошлари учирилади.

Учириш Хитойнинг STAR.VISION компанияси томонидан амалга оширилади.

“Самарқанд-2028” сунъий йўлдоши «Ўзбеккосмос» агентлиги ва STAR.VISION компанияси ўртасида имзоланган стратегик меморандум доирасидаги ҳамкорлик натижаси ҳисобланади.

Мазкур гиперспектрал сунъий йўлдошга “Самарқанд-2028” номи Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида 2028 йилги конгрессни Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида қабул қилинган қарор шарафига танланган.

Лойиҳа доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари томонидан сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модули ишлаб чиқилди. Мазкур модул гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини бериб, Ер юзасини масофадан зондлаш самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Олинган маълумотлардан қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш ва бошқа йўналишларда фойдаланиш режалаштирилган.