Давлат хавфсизлик хизмати ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда коттеж уй савдоси билан боғлиқ товламачилик ҳолатига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳамда унинг 1988 йилда туғилган укаси маҳаллий фуқарога тегишли Тошкент туманидаги коттежни 66 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишган.
Дастлаб улар уй эгасига 30 минг АҚШ долларини тўлаб, қолган 36 минг долларни олти ой ичида беришга ваъда қилган. Шундан сўнг, 2022 йил май ойида коттеж 1976 йилда туғилган акаси номига нотариал тартибда расмийлаштирилган.
Бироқ, тергов маълумотларига кўра, кейинчалик ака-ука қолган 36 минг АҚШ долларини тўлашдан бош тортган. Шунингдек, улар уй эгаси пулни талаб қилган тақдирда унга нисбатан тазйиқ ўтказиш билан таҳдид қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар қўлга олинди. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур иш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











