Туризм қўмитаси туризмнинг фаол турларини ривожлантириш чора-тадбирларини белгиловчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўймоқда.

Лойиҳада 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача фаол туризм йўналишида фойдаланиладиган автомобиллар, асбоб-ускуналар ва анжомлари импортини божхона божидан озод этиш таклиф этилмоқда.

Рўйхатга 40 га яқин позиция киритилган: квадроцикл, UTV, SSV ва багги туридаги йўлсиз транспорт воситалари, йўлтанламас автомобиллар, автокемперлар ва гидроцикллар, парашют ва парапланлар, делтапланлар, аэронавигация асбоблари, тоғ ва алпинизм анжомлари, сув туризми жиҳозлари, портатив рация ва бошқа воситалар назарда тутилган.

Йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида республиканинг тоғли ҳудудларида, жумладан Чорвоқ, Зомин ва Қамчиқ довони йўналишларида автобус ва микроавтобуслар ҳаракатланишининг алоҳида тартиби белгиланади. Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги иштирокида эса фаол туризм хизматларини суғурталаш бўйича хорижий тажрибага асосланган таклиф ишлаб чиқилади.