Қозоғистоннинг Молиявий мониторинг агентлиги Маха.dxb номи билан танилган блогер Маҳмуд Ҳикматовни халқаро қидирувга берди.

Ўзбекистон фуқароси бўлган Ҳикматов 2000 йилда туғилган. У ноқонуний интернет-казино рекламасида гумон қилинмоқда. Суд унга нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади.

Молиявий мониторинг агентлигининг таъкидлашича, Қозоғистонда қимор ўйинлари учун интерфейс яратиш, эквайринг, мобил пул ўтказмалари ва криптовалюта орқали тўловларни қайта ишлаш, шунингдек, фойдаланувчиларни жалб қилиш учун рекламани ўз ичига олган схема мавжуд эди.

Таъкидланишича, Ҳикматов казиноларни тарғиб этиш учун қозоғистонлик блогерларни жалб қилишга масъул бўлган. Улардан реклама нархини аниқлаш учун ижтимоий тармоқ статистикаси - демография, обуначилар географияси ва аудитория қамровини сўраган. Тергов маълумотларига кўра, у тарғиботга 35 нафардан ортиқ блогерни жалб қилган.

Схема иштирокчиларидан бири қозоғистонлик блогер Қамза Қ. бўлиб, у ўз машҳурлигидан фойдаланиб, казиноларга реферал ҳаволаларни жойлаштирган ва фойдаланувчиларнинг ўтиши учун мукофот олган. 6 август куни Қамза Қ. Ветнамдан Қозоғистонга экстрадиция қилинди.