Германияда Берлиндаги “Рус уйи”нинг эҳтимолий ноқонуний фаолияти юзасидан сиёсий муҳокамалар авж олди. Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ), “Яшиллар” ва Эркин демократик партия (ЭрДП) вакиллари маданий марказ сифатида фаолият юритаётган муассасани ёпиш зарурлигини билдирмоқда.

Бундестаг депутати, ХДИнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича эксперти Родерих Кизеветтер “Рус уйи” жосуслик маркази сифатида фойдаланилаётган бўлиши мумкинлигини даъво қилди.

У 11 август куни Welt TV телеканалига берган интервюсида ўз гумонларига бир нечта омилни асос қилиб келтирган. Жумладан, сиёсатчининг айтишича, бинода 100 дан ортиқ киши истиқомат қилади ва уларнинг фаолияти ҳақида етарли маълумот йўқ. Шунингдек, у бинода электр энергияси истеъмоли одатдагидан анча юқори эканини ҳам шубҳали ҳолат сифатида кўрсатган.

“Разведка ускуналари билан тўлдирилган марказ”

Кизеветтернинг таъкидлашича, “Рус уйи” илгари ҳақиқатан ҳам маданий муассаса сифатида фаолият кўрсатган бўлиши мумкин, аммо ҳозир вазият ўзгарган.

У муассасани “эҳтимол, разведка учун мўлжалланган ускуналар билан тўлдирилган марказ” деб атаб, у ерда Германияга нисбатан дўстона муносабатда бўлмаган шахслар фаолият юритаётганини даъво қилди.

Сиёсатчи “Рус уйи”ни Германиянинг заифлиги ва Россия таъсирининг рамзи сифатида баҳолади.

“Яшиллар” партиясидан Бундестаг депутати, мудофаа масалалари бўйича мутахассис Сара Нанни ҳам муассасани ёпиш тарафдори. Унинг айтишича, партия аввалги “светофор коалицияси” ҳукумати давридаёқ “Рус уйи” фаолиятини тўхтатишга уринган, аммо бунга эриша олмаган.

Нанни ҳам ушбу муассасадан жосуслик мақсадларида фойдаланилаётганига ишонишини билдирди. У, хусусан, шубҳали мобил алоқа ва GPS сигналларига ишора қилиб, улар бинода кучли сигнал узатувчи ускуналар бўлиши мумкинлигини кўрсатишини айтган.

Депутат Германия ҳукуматининг муассасани ёпишдан бош тортаётганини Кремль олдида “итоаткорлик” ва заифлик белгиси сифатида баҳолади.

У Россия президенти Владимир Путин бундай вазиятдан провокациялар ва агрессив ҳаракатлар учун фойдаланаётганини даъво қилди. Нанни бунга мисол сифатида Лейпцигда Украина юк самолётига дрон урилгани билан боғлиқ сўнгги ҳодисани тилга олган.

“Берлин марказида озодлик душмани ўтирибди”