Қамоқхоналарда адвокатларнинг узун навбатларда сарсон бўлишига расман чек қўйилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’га Жазони ижро этиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, 14 август куни ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Азизхон Умархонов ва Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Содиқов томонидан қўшма қарор имзоланган. Ҳужжат билан вақтинчалик низом ҳам тасдиқланган.
Янги тартиб 2026 йил 17 августдан бошлаб тўлиқ кучга киритилади. Унга кўра, адвокатларга автоматик тарзда QR-кодли махсус электрон рухсатнома расмийлаштириб бериш тизими йўлга қўйилади. Бу Адвокатлар палатасининг E-advokat.uz ва Жазони ижро этиш департаментининг марказлашган Qal’a ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали амалга оширилади.
Учрашувларнинг 3 хил янги шакли ташкил қилинмоқда:
- масофавий шаклда навбат олиш – адвокат муассасага бормасдан туриб, тизим орқали кўпи билан 7 кун олдин ўзига қулай сана ва вақтни банд қилади;
- бевосита муассасанинг ўзида навбат олиш (жонли навбат) – тергов ҳибсхоналари ташқарисида махсус сенсорли терминаллар (инфокиоск) ўрнатилди. Адвокат у ерда Face ID орқали рўйхатдан ўтиб, кутиш жойидаги монитор орқали виртуал навбатини кутади. Битта жонли навбатда 2 нафар шахс билан учрашишга рухсат берилади;
- кечиктириб бўлмас учрашув шакли – процессуал муддатлар ёки тезкор тергов/суд ҳаракатлари сабабли ташкил этилади. Иш вақтидан ташқари вақтда, дам олиш ва байрам кунлари 24 соат давомида тизимдаги махсус панел орқали зудлик билан учрашув берилади.
Шунингдек, қамоқхона ходимлари ва адвокатларнинг мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, муассаса маъмурияти томонидан адвокатнинг учрашув давомийлигини чеклаш қатъиян тақиқланди. Тизимдаги бўш хоналарни асоссиз яширган ходимлар интизомий жавобгарликка тортилади. Қолаверса, адвокатнинг фаолиятига тўсқинлик қилган ёки қўпол муомалада бўлган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади.
Шу билан бирга, адвокатнинг учрашув хонасига тақиқланган буюм олиб кириши, хат-хабар олиб чиқиши ёки телефон сўзлашуви ташкил этиши ички тартибни қўпол бузиш ҳисобланиб, бундай ҳолларда учрашув дарҳол тўхтатилади.











