Мурожаатларда адвокат бўлишни ният қилиб, тегишли ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасига тақдим этган кўплаб фуқаролар лицензия олиш учун малака комиссияси имтиҳонидан ўтказилмаётганидан норозилик билдирилади.
Ана шундай мурожаатлардан бирида қуйидаги сўзлар келтирилади:
«Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олишга талабгорлар имтиҳон топширишда бир қатор муаммоларга дуч келишмоқда. Уч ой олдин лицензия олиш учун имтиҳон топширишга ариза ва ҳужжатларимизни тақдим этгандик. Палатанинг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги Малака комиссиядан сўрасак, «Тошкент рухсат бермаётгани»ни айтишмоқда.
Ҳозир адвокатура соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида талабгорларнинг лицензия олиши учун имтиҳон қилишни бир неча ойлар давомида тўхтатиб қўйиш тўғрими?
Талабгор ҳали имтиҳон топшира олмаяпти, имтиҳон топширгандан кейин эса лицензия олиш учун яна бир ой вақт керак, лицензия олди дегани бу адвокат бўлди, дегани эмас. Лицензия олгандан кейин қасамёд қилиши ва гувоҳнома олиш учун Палатанинг ҳудудий Малака комиссияси яна Тошкентдан рухсат олишини кутиш керак.
Шу вақт ичида бу талабгорлар қаердан кун кўради, оиласини ким боқади, буни биров ўйлаётгани ҳам йўқ.
Баъзида ўз мижозининг ҳимоясига отланган адвокатлар бошқа идораларнинг ҳаракат (ҳаракатсизлик)ларидан норози бўлади: масалаларни вақтида ҳал қилмаслик, бюрократия, сансоларлик ва ҳоказо деб. Аммо шу тизимнинг нормал фаолият юритишини таъминлаш учун масъул идора – Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг ўзи замон билан ҳамнафас иш кўрса, мавжуд вазиятга мослашса, фақат ўзининг ҳаловатини ўйламасдан биз каби талабгорларнинг ҳам дардини ўз таналарида хис қилиб кўрса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ҳудудий комиссияларда ҳал қилиниши керак бўлган масалалар йиғилиб қолган, лекин Тошкент рухсат бермагани учун ҳал қила олмаяпти, улар билан бировнинг иши йўқ. Ичида лицензия олган-у, фаолиятини бошлай олмай юргани ҳам бор, фақат қасамёд қилиб, гувоҳнома олишини кутиб юрганлар ҳам талайгина. Энг қизиғи, Палатанинг бу муаммолардан хабари бор.
Бу ерда фақат биргина масалани ҳал қилиш етарли: Малака комиссияси ўз ишини карантин қоидалари ва санитария-гигиена талабларига амал қилиб ташкил этса бас.
Энди шуни ҳам муаммо қилиб рухсат бермаслик керакми?
Бу бўлажак адвокатларга ҳали фаолиятини бошламасиданоқ тўсқинлик қилиш, уларга муаммолар туғдириш эмасми?
Ўзбекистонда лицензия олишда энг қийини – адвокатларнинг лицензия олиши, кутиш, кутиш ва яна кутиш. Тизим ҳали ҳам электрон тарзда ишлашга ўтмаган, электрон ҳужжат топшириш имкони йўқ, фақат қоғозда ишламоқда.














