Орол денгизининг қуриши нафақат экологик ҳалокатга, балки ўнлаб йиллар давомида денгиз тубидаги чўкиндиларда сақланиб келган улкан миқдордаги углероднинг чиқишига ҳам олиб келди.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоблашича, 1960 йиллардан буён қуриган денгиз тубидан атмосферага тахминан 748 миллион тонна карбонат ангидрид чиққан бўлиши мумкин, деб ёзди NG24. Таъкидланишича, Орол денгизи кўп йиллар давомида углероднинг табиий омбори бўлиб келган. Ўсимликлар ва организмлар нобуд бўлгач, сув ҳавзасида ҳосил бўлган органик моддалар тубига чўкиб, чўкиндиларда тўпланган.
Бироқ сув ҳавзасининг кенг кўламда қуриши билан бу жараён ўзгарди. Қуруқликда қолган чўкиндилар ҳаво билан алоқага кириша бошлади, улардаги углерод эса аста-секин атмосферага қайтмоқда.
Испаниялик тадқиқотчилар гуруҳи 2022 йилда экспедиция ўтказди. Олимлар 14 та жойдан денгиз туби чўкиндиларидан намуналар олиб, собиқ денгиз тубидан чиқаётган карбонат ангидрид оқимини ўлчади.
Бундан ташқари, мутахассислар углероднинг изотоп таркибини ўрганди. Бу ажралаётган CO₂ ҳақиқатан ҳам илгари денгиз туби чўкиндиларида тўпланган органик моддалардан келиб чиқаётганини аниқлаш имконини берди.
Тадқиқотчилар ўсимлик қоплами ва шамол эрозияси кўламини ҳам баҳолади. Олинган натижалар қуриган денгиз туби аввал кўмилган органик материалдан карбонат ангидрид чиқаришда давом этаётганини тасдиқлади.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Орол денгизининг кенг кўламли қуриши бошланганидан бери унинг тубидаги чўкиндилардан қарийб 748 миллион тонна CO₂ ажралиб чиққан.
Шу билан бирга, тупроқда ҳали ҳам органик моддалар қолмоқда ва улардан чиқиши мумкин бўлган газлар ҳажми яна тахминан 605 миллион тонна карбонат ангидридга баҳоланмоқда.

Денгизнинг тикланиши иқлимга ёрдам бериши мумкин
Агар бу углероднинг сезиларли қисми денгиз туби чўкиндиларида сақлаб қолинса, бу иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ҳисса қўшиши мумкин.
Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, шу тариқа камайтирилган чиқиндиларнинг қиймати 3,6 миллиард доллардан 18 миллиард долларгача бўлиши мумкин эди. Демак, углеродни молиялаштириш назарий жиҳатдан сув ҳавзасини тиклаш лойиҳалари учун маблағ манбаларидан бирига айланиши мумкин. Бироқ, Орол денгизини аввалги ҳолатига қайтариш жуда мушкул.
Нима учун Орол денгизини тиклаш қийин?
Сув майдонини сезиларли даражада кенгайтириш учун бутун Орол денгизи ҳавзасидаги ресурсларни бошқариш тизимини ўзгартириш керак. Бу ҳавзага бир неча мамлакат ҳудудлари киради ва сувнинг асосий қисми тарихан қишлоқ хўжалиги ва суғориш учун ишлатилган.
Мутахассислар эҳтимолий чора-тадбирлар сифатида ирригация тизимларини модернизация қилиш, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва уни ташишни оптималлаштиришни қайд этди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, сув ҳавзасини 1960 йилдаги сатҳининг тахминан ярмига тенг майдонгача тиклаш учун қарийб 9,7 миллиард доллар сармоя ва бутун ҳавза бўйлаб кенг кўламли ўзгаришлар талаб қилинади.
Олимлар Орол денгизини тўлиқ тиклашни ўта мураккаб вазифа деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, улар сувни қайтариш ва экотизимларни тиклаш бўйича алоҳида лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.









