– Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларимизнинг илк кунларидан янги иш ўринларини яратиш ва замонавий қувватларни ишга туширишни асосий йўналиш сифатида белгилаб олганмиз. Шу мақсадда Хоразм вилояти бўйича ҳам алоҳида дастур ва қарорларни тасдиқлаб, маблағини ҳам, масъулларини ҳам аниқ белгилаб, ишларни ташкил қиляпмиз, – деди давлат раҳбари.

Агар 2016 йилда Хоразм вилоятига бор-йўғи 30 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилинган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 2 миллиард доллардан ошмоқда.

Мустақиллик байрами арафасида Урганч халқаро аэропортидан Хивагача электрлашган темирйўл линияси фойдаланишга топширилди. Урганч–Хива пулли автомобил йўли ҳам ишга туширилмоқда. Бу мамлакатдаги биринчи пулли автомобил йўли бўлади. У орқали Урганчдан Хивага етиб бориш вақти 45 дақиқадан 20 дақиқага қисқаради.

– Бу ишларимизнинг давоми сифатида бугун сизлар билан 176 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга туширамиз. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар иштирокида барпо этиладиган 7 миллиард 424 миллион долларлик 15 та янги қувват қурилишига старт берамиз, – деди президент.
Жумладан, Тупроққалъа туманида Бирлашган Араб Амирликларидаги ҳамкорлар билан умумий қиймати 6 миллиард долларлик экологик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳага Хитойнинг Sinopec компанияси жалб этилган бўлиб, ер майдонини тайёрлаш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бошланган.
Словакиялик ҳамкорлар билан 5 минг гектар қумли ерни ўзлаштириш ва 170 миллион долларлик биоэтанол ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирнинг ўзида 1,5 минг гектар майдонда амалий ишлар бошланган.

Урганч шаҳрида япониялик ҳамкорлар билан 30 миллион долларлик 250 ўринли меҳмонхона ва савдо-кўнгилочар мажмуаси барпо этилмоқда. Уни 2027 йилда тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.










