«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив-техник ҳужжатлар билан белгиланган барча мажбурий талаблар давлат томонидан Мажбурий талаблар реестрига киритилади.
Мажбурий талаблар реестрига маълумотлар тегишли соҳадаги ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилади.
Адлия вазирлиги Мажбурий талаблар реестрининг оператори ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектлари Мажбурий талаблар реестрига киритилмаган талабларни бажармаганлик учун жавобгарликка тортилмайди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар қонунчиликда белгиланган тартибда энергия манбаларига уланиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.
Тадбиркорлар зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив ҳужжатлар лойиҳалари бевосита тадбиркорлар ҳамда улар бирлашмалари иштирокида муҳокама қилиниши кўзда тутилди.
Тадбиркорлик субъектининг фаолияти қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:
ўзининг аризасига асосан;
10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга – назорат қилувчи органлар томонидан;
10 иш кунидан ортиқ, лекин 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга – суд томонидан.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.








