Йўл-транспорт ҳодисаси 11 август куни Юнусобод туманида содир бўлган.

Маълум қилинишича, 2002 йилда туғилган ҳайдовчи Lacetti автомобилини бошқариб кетаётиб, 2003 йилда туғилган йигит бошқарувидаги электровелосипед (скутер) билан тўқнашган.

ЙТҲ оқибатида скутер ҳайдовчиси оғир тан жароҳати олган ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Шифокорлар томонидан тезкор тиббий ёрдам кўрсатилиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилганига қарамай, йигит 15 август куни кома ҳолатидан чиқмай, шифохонада вафот этган.

Марҳумнинг отасига кўра, ўғли Тошкентга бир неча ой олдин ишлаш учун келган. Дастлаб кунлик ишларда меҳнат қилган йигит кейинчалик етказиб бериш хизматида ишлай бошлаган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.