Берлин федерал ери Сенати, яъни ҳукумати таркибидаги икки идора киберҳужумга учради. Бу ҳақда 17 август куни Берлин Сенати канцелярияси маълум қилди.

Расмийларга кўра, тизимга бузиб киришга уриниш ўтказилган рақамли-криминалистик экспертиза давомида аниқланган.

Ҳужум Берлиннинг шаҳарсозлик, қурилиш ва уй-жой масалалари бўйича идораси, шунингдек, мобиллик, транспорт, атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш масалалари бўйича идорасига таъсир кўрсатган.

Германиянинг rbb телерадиокомпанияси маълумотига кўра, хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳар икки идора 14 август куни Берлин федерал ерининг рақамли тармоғидан узиб қўйилган.

Ҳозирча киберҳужум айнан 14 август куни содир бўлгани ёки расмийлар уни шу куни аниқлагани очиқланмаган.

Берлин Сенати канцелярияси ҳужумга учраган ҳар икки идора ўз фаолиятини давом эттира олаётганини билдирган. Бироқ rbb маълумотига кўра, 14 август кечқурунидан бошлаб улар интернетдан бутунлай узилган.

Айни пайтда идоралар билан асосан телефон орқали боғланиш мумкин. Ходимларга масофадан, яъни уйдан туриб ишлаш имкони йўқлиги ҳам маълум қилинган.

Муҳим маълумотлар ўғирланган бўлиши мумкин

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчилар Берлин федерал ери рақамли тармоғига кириш учун шаҳарсозлик, қурилиш ва уй-жой масалалари идорасининг рақамли инфратузилмасидаги заифликдан фойдаланган бўлиши мумкин.

Rbb аниқлашича, киберҳужумдан зарар кўрган икки идора рақамли инфратузилманинг муайян қисмидан биргаликда фойдаланган.

Шу билан бирга, улар Берлин федерал ери тармоғидаги ўз сегментларини маҳаллий IT хизматларини кўрсатувчи ITDZ компаниясининг бевосита иштирокисиз бошқариб келган.

Rbb манбаларининг билдиришича, киберҳужум оқибатида «қисман ўта муҳим ва махфий маълумотлар» ўғирланган. Бироқ қандай маълумотлар қўлга киритилгани ва уларнинг ҳажми ҳақида ҳозирча батафсил ахборот берилмаган.

Берлин Сенати матбуот котиби Кристине Рихтер Tagesspiegel нашри сўровига жавобан тергов ишлари давом этаётганини билдириш билан чекланган.

Киберҳужум бўйича махсус штаб тузилди

Берлин Сенати матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса юзасидан Берлин жиноий ишлар идораси, шаҳар прокуратураси ва Германия Ахборот хавфсизлиги федерал идораси (BSI) иш олиб бормоқда.

Улар Берлин федерал ерининг рақамли тармоғи хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтимолий заифликларни бартараф этиш устида ишламоқда.

17 август куни хавфсизлик чораларини мувофиқлаштириш ва рақамли-криминалистик экспертизани ташкил этиш мақсадида махсус инқироз штаби ҳам тузилган. Унга Берлин федерал ерининг ахборот хавфсизлиги бўйича масъул вакили раҳбарлик қилмоқда.

Ҳозирча киберҳужум ортида ким тургани маълум эмас. Берлин Сенати канцелярияси терговнинг ушбу босқичида эҳтимолий ҳужумчилар ёки уларнинг қайси давлат ёки гуруҳга алоқадорлиги ҳақида тахмин билдирмаган.