Германия Қуролли кучларида ҳарбий хизматчилар сони сўнгги 13 йилдаги энг юқори даражага етди. Германия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йил июл ойи охирида Бундесвер сафида 186 700 нафар ҳарбий хизмат қилган.
Бу кўрсаткич 2025 йил июл ойига нисбатан 3700 нафарга ёки 2 фоиздан кўпроққа ошган.
Вазирликнинг таъкидлашича, ҳарбийлар сони 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлар доирасида бормоқда.
Reuters қайд этишича, июл Бундесверда анъанавий равишда янги офицерларни хизматга қабул қилишнинг асосий ойларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу йилги ўсишга Германияда ҳарбий хизмат бўйича янги қонуннинг кучга кириши ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.
18 ёшлиларга ҳарбий хизмат бўйича анкета юборилмоқда
2026 йил бошидан Германияда 18 ёшга тўлган фуқароларга олти ойлик кўнгилли ҳарбий хизматни ўташ истаги бор-йўқлиги ҳақида махсус хат ва сўровнома юбориш тизими ишга туширилди.
Йигитлар ушбу анкетани тўлдириб, қайтариши шарт. Қизлар учун эса сўровномага жавоб бериш ихтиёрий ҳисобланади.
Германия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозиргача тахминан 378 минг нафар ёшга бундай хатлар юборилган.
Июл ойининг ўзида уларнинг қарийб 2630 нафари ҳарбий хизматга яроқлилигини баҳолаш жараёнидан ўтган. Бу июн ойига нисбатан 35 фоизга кўп.
Айни пайтда янги тизим доирасида Бундесвер сафида қарийб 12 100 нафар кўнгилли ва қисқа муддатли контракт асосидаги ҳарбий хизматчи хизмат қилмоқда. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан тахминан 6 фоиз юқори.
Ҳарбий хизматга аризалар 26 фоизга ошди
Германия Мудофаа вазирлиги контракт асосида ҳарбий хизмат ўташ истагини билдирганлар сонида ҳам сезиларли ўсиш қайд этган.
Хусусан, 2026 йил июл ойида 47 300 киши тегишли ариза топширган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга кўп.
Июл ойи охири ҳолатига Бундесвер сафига қабул қилинган янги ҳарбийлар сони 15 400 нафарни ташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан 12 фоизлик ўсиш демакдир.
Германия армияни 270 минг кишигача кенгайтирмоқчи
Янги қонун ҳозирча ҳарбий хизматнинг кўнгилли шаклига устуворлик беради.
Бироқ Германия ҳукумати ва Бундесвер олдига анча катта мақсад қўйилган. AFP маълумотига кўра, 2035 йилгача Германияда амалдаги ҳарбий хизматчилар сонини 255–270 минг нафарга етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, мамлакат қарийб 200 минг нафар резервчи тайёрлашни мақсад қилган.
Шундай қилиб, юқори чегарада Бундесвернинг фаол ҳарбийлари ва резервчилари умумий сони 470 минг нафарга етиши мумкин.
Агар Германия армияни зарур миқдордаги ҳарбийлар билан кўнгилли асосда таъминлай олмаса, ҳукумат мажбурий ҳарбий хизматни жорий этиш имкониятини ҳам кўриб чиқиши мумкин.









