Mercedes-Benz C-Class’нинг сезиларли даражада янгиланган версиясини намойиш этди. Компания матбуот хизматида хабар берилишича, бу – модел тарихидаги энг йирик техник янгиланишдир.
Ташқи ўзгаришлар дарҳол кўзга ташланади: энди радиатор панжараси марказий юлдуз ва унинг ҳошиясини ўз ичига олган чироқлар билан тўлдирилган.

Асосий янгиланиш ичкарида яширинган: автомобил MB.OS операцион тизимига эга бўлди. У кўплаб ўрнатилган функцияларни янгилаш имконини беради ва кенгайтирилган фойдаланувчи интерфейсини таклиф этади. Тизимга ChatGPT, Microsoft Bing ва Google Gemini интеграция қилинган. MBUX виртуал ёрдамчиси кўп босқичли мулоқотлар олиб боришга, суҳбат мазмунини сақлаб қолишга, умумий саволларга жавоб беришга, қизиқарли жойларни қидиришга ва ҳатто тўлиқ бўлмаган таъриф ёки матн парчасига кўра мусиқа танлашга қодир.
Жиҳозлар қаторига 12,3 дюймли рақамли асбоблар панели ва вертикал йўналишдаги 11,9 дюймли марказий дисплей, Google асосидаги навигация, шунингдек, тўлдирилган реаллик технологиясига эга проекцион дисплей (S-Class ва EQS моделларидан олинган) киради. Қўшимча равишда 15 та динамикли ва Dolby Atmos’ни қўллаб-қувватлайдиган Burmester аудиотизими мавжуд.

Двигател – 48 волтли гибрид тизимга эга модернизация қилинган икки литрли, тўрт цилиндрли турбомотор. Бензинда ишлайдиган двигател қуввати 255 от кучига ва 400 Н·м айланувчи лаҳзага тенг. Гибрид схема таркибига интеграциялашган стартёр-генератор (23 о.к. ва 205 Н·м гача қувват қўшади) ҳамда паст айланишларда аниқроқ реакция учун янги электр ёрдамчи компрессор киради. Қисқа муддатли босим ошириш функцияси тахминан 20 сонияга қўшимча 27 от кучини таъминлай олади.
Батарея сиғими – 19,53 кВт·соат, электр қувватида юриш захираси – 100 км гача. Уни 11 кВт гача ўзгарувчан ток билан зарядлаш ёки 55 кВт гача ўзгармас ток билан тез қувватлантириш мумкин. Опционал тарзда орқа ғилдиракларни бошқариш функцияси ҳам бор (бурилиш бурчаги – 2,5° гача): бу бурилиш радиусини 43 см га (10,64 м гача) қисқартиради ва юқори тезликда барқарорликни оширади.




















