Оддий бир саволга тезда жавоб беришга уриниб кўринг: банк нима билан шуғулланади? Яқин-яқингача жавоб аниқ эди: пул сақлайди, молиялаштиради, тўловларни ўтказади. Бугун эса қайси банк эканига боғлиқ. Банк иловасининг ўзида авиачипта сотиб олиш, суғурта расмийлаштириш ёки меҳмонхонадан жой банд қилиш мумкин. Такси иловаси орқали эса маҳсулотларга буюртма бериб, жўнатма юборса бўлади. Маркетплейслар ўз карталарини чиқариб, тўловларни амалга оширяпти. Алоқа операторлари бўлса маълумотлар марказларини қурмоқда, булутли платформаларни ривожлантириб, сайёҳлар ва автомобилчилар учун хизматлар ишга туширмоқда.

Фото: MyUZTELECOM

Биз маълум бир қолипларга солишга ўрганиб қолган компаниялар қачондир бу қолипларга сиғмай қолди. Энг қизиғи, бунинг қандай юз берганини деярли сезмай ҳам қолдик. Бундан бир неча йил аввал кундалик рақамли вазифалар учун смартфонда ўнлаб иловалардан иборат папка керак бўлар эди. Ҳозир эса кўпинча биттасининг ўзи кифоя.

Банкка авиачипталарнинг нима кераги бор?

Сўнгги йилларда “экотизим” сўзи корпоратив клишега айланиб улгурди. Лекин унинг замирида жуда оддий инсоний одат ётади: биз ортиқча ҳаракат қилишни ёқтирмаймиз. Агар илова маълумотларимизни билса, унга картамиз уланган бўлса ва биз уни ҳар куни очиб турсак, яна бошқасини юклаб олиш, рўйхатдан ўтиш ва маълумотларни қайта киритиш – бу кичик бир ноқулайликдир. Рақамли бизнес ана шундай ноқулайликларни илғашни ўрганди, шу сабабли компаниялар тобора кўпроқ “бошқа соҳага” эмас, балки инсоннинг кетидан – унинг бир вазифасидан кейингисига қараб бормоқда.

Revolut (Британия финтех хизмати) 2015 йилда хорижда валюта айирбошлаш ва ҳисоб-китобларни соддалаштириш мақсадида пайдо бўлган. Бугунги кунда у орқали молиявий маблағларни бошқариш, сармоя киритиш, турар жой банд қилиш ҳамда суғурта ва саёҳат хизматларидан фойдаланиш мумкин, чакана мижозлар сони эса 75 миллиондан ошиб кетди. Бироқ биз учун қўшни Қозоғистон қизиқроқ бўлса керак. Kaspi.kz (чакана банкдан ўсиб чиққан Қозоғистон рақамли платформаси)ни бугун бир сўз билан таърифлашнинг ўзи қийин: битта илованинг ўзида тўлов қилиш, маҳсулотлар сотиб олиш, саёҳатларни бронлаш, банк ва давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин. 2026 йилнинг биринчи чорагида, Қозоғистон аҳолиси 20 миллиондан сал кўпроқ бўлган бир пайтда, биргина Kaspi.kz тўлов платформасининг ўзи 14,7 миллион фаол фойдаланувчига эга эди.

Балки, бу банклар билан нима содир бўлганининг энг яққол кўрсаткичидир. Улар энди фақат одам пулини қаерда сақлаши учун эмас, балки у ўз кундалик ҳаётининг қанчалик катта қисмини битта иловага ишониб топширишга тайёр экани учун ҳам курашмоқда.