Небраска штати (АҚШ) суди Омаха шаҳрида яшовчи 23 ёшли Дерон Люис-Пейнни қурол ёрдамида банк ўмаргани учун 121 ойга озодликдан маҳрум этди, деб хабар берди Небраска округи прокуратураси.

Идора маълумотларига кўра, 2026 йил 10 февраль куни Люис-Пейн Омахадаги i3Bank филиалига кириб, ходимларга Llama Mini-Max тўппончаси билан таҳдид этиб, пул талаб қилган. Натижада у тахминан 9175 доллар нақд пулни олиб, воқеа жойидан яширинган. У пулларни савдо марказида сарфлаб юборган. Босқинчининг шахси видеокузатув камералари ва унинг ёрқин рангли кийими туфайли аниқланган.

Гумон қилинувчи қўлга олиш чоғида ўғирланган пулларнинг бир қисмини банк ўрами билан бирга ташлаб, қочишга уринган. Унинг уйини тинтув қилиш пайтида полициячилар банкка келган автомобилни ва кийимларининг асосий қисмини топган. Терговчилар босқинчининг телефонидан ChatGPT билан ёзишмаларни аниқлаган — муқаддам судланган бу шахс полициянинг тезкор чақириқларга жавоб бериш вақти, шунингдек, тўппончани қисмларга ажратиш ва таъмирлаш усуллари билан қизиққан. Полиция ўғирланган пулларнинг бир қисмини қайтаришга муваффақ бўлган.

2025 йил август ойида бир америкалик ChatGPT маслаҳати билан уч ой давомида туз ўрнига бромид истеъмол қилиб, психозни келтириб чиқарган заҳарланиш ортидан мажбурий даволаниш учун руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. 2025 йил октябрь ойида эса АҚШда синфдошини дарс вақтида ўлдириш режасини тузишда ChatGPT’дан ёрдам сўраган мактаб ўқувчиси ҳибсга олинган. Ўсмир бу қилмишини тенгдошини ҳазил тариқасида қўрқитмоқчи бўлгани билан изоҳлаган.