Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 4 августда қабул қилинган ва Сенат томонидан 8 августда маъқулланган. Президент уни 19 август куни имзолаган, ҳужжат 20 августда давлат рўйхатидан ўтказилган. Қонуннинг асосий мақсади Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳудудида махсус ҳуқуқий режим ўрнатишдан иборат.

Ҳужжатга кўра, Марказ фаолияти рақамли технологиялар соҳасида инвестицияларни жалб қилиш, рақамли хизматлар экспортини ошириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва инновацион технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади.

Марказдаги махсус ҳуқуқий режим 2100 йилгача амал қилади. Унинг ҳудуди президент томонидан белгиланади. Марказни ташкил этиш зарурати туғилганда унинг ҳудуди Тошкент шаҳрининг алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлиги сифатида ташкил этилиши ҳам мумкин.

Инглиз тили расмий иш юритиш тили бўлади

Қонунда Марказнинг расмий иш юритиш тили инглиз тили экани белгиланган. Расмий иш юритиш жараёнида зарурат туғилса, давлат тилидан ҳам фойдаланиш мумкин. Марказ ҳужжатларининг давлат тилига таржимаси кирилл ёки лотин алифбосида амалга оширилиши мумкин.

Марказнинг олий органи Бошқарув кенгаши ҳисобланади. У Марказ фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилайди ва унинг юқори бошқарувини амалга оширади. Ўзбекистон президенти Бошқарув кенгаши раиси ҳисобланади.

Марказ иштирокчилари резидентлар ва инвесторлардан иборат бўлади. Инвесторлар эса институционал инвестор, стартап-инвестор, резидент-инвестор ва инфратузилмавий инвестор каби тоифаларга ажратилади.

«Тартибга солиш қумдони» жорий қилинади

Қонунда «тартибга солиш қумдони» механизми ҳам назарда тутилган. У инновацион технологиялар, маҳсулотлар ва хизматларни назорат қилинадиган муҳитда синовдан ўтказиш имконини беради. Бундай синовлар учун амалдаги тартибдан фарқ қилувчи махсус тартиб-таомиллар белгиланиши мумкин.

Синов натижалари ижобий баҳоланган лойиҳалар бўйича Марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режим доирасида лойиҳани белгиланган чекловларсиз амалга оширишга рухсат бериш ёки унинг кўламини босқичма-босқич кенгайтириш чоралари кўрилиши мумкин.

Солиқ ва божхона учун алоҳида тартиб