Нью-Йорк штати федерал суди АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан 75 мамлакат фуқароларига иммиграцион виза беришни тўхтатиш тўғрисидаги қарорни ноқонуний деб топди ва бекор қилди, деб хабар бермоқда Reuters.
Собиқ президент Жо Байден томонидан тайинланган судья Жаннет Варгас АҚШ давлат котиби Марко Рубиони ўз ваколатларини ошириб юборган деб ҳисоблади.
Варгасга кўра, иммиграцион визалар беришни тўхтатиш тартиби «очиқдан-очиқ ноқонуний» бўлиб, Американинг миграция қонунчилигига зид келган. Унинг сўзларига кўра, фақат аризачининг фуқаролигига асосланиб виза беришни тақиқлаш иммиграцион визаларни кўриб чиқишнинг қонунда белгиланган тартибини бузади.
Ушбу чорага қарши даъвони ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, иммиграцион виза олмоқчи бўлганлар ҳамда чекловларга дуч келган мамлакатлардаги қариндошларига ҳомийлик қилган АҚШ фуқаролари киритган.
Январь ойида АҚШ Давлат департаменти аризачилар АҚШ давлат ресурсларига қарам бўлиб қолиши хавфини сабаб қилиб кўрсатиб, 75 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун иммиграцион виза беришни тўхтатишга буйруқ берганди.
Шу вақтда Давлат департаменти янги мигрантлар «Америка халқи ҳисобидан яшамаслигига» АҚШ ишонч ҳосил қилмагунча, ушбу чеклов амалда бўлишини таъкидлаган эди.
Чекловлар, хусусан, Бразилия, Колумбия, Уругвай, Босния, Албания, Покистон ва Бангладеш, шунингдек, Африка, Яқин Шарқ ва Кариб ҳавзасидаги бир қатор мамлакатлар фуқароларига таъсир қилди. Шунингдек, ушбу чоралар МДҲ аъзолари – Россия, Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ва Ўзбекистонга ҳам тегишли бўлди.
2025 йилда АҚШ Давлат департаменти 100 мингдан ортиқ хорижий визани, жумладан, 8 мингга яқин талабалик визасини бекор қилди. Бу Байден маъмурияти давридаги 2024 йилги кўрсаткичдан икки баравардан кўпроқ.





