Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Божхона идоралари ходимлари томонидан Сирдарё ва Жиззах вилоятларида тезкор тадбирлар ўтказилди.
Унда, олдиндан тезкор кузатувга олинган Тошкент шаҳрида яшовчи шахснинг Сирдарё туманидаги вақтинчалик яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, у ерда Тожикистон фуқароси ва Қашқадарё вилоятида яшовчи яна бир фуқаро борлиги маълум бўлди.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида, мазкур уч нафар шахс муқаддам Тожикистондаги наркокурерлар томонидан Жиззах вилоятининг Янгиобод тумани ҳудудидаги хуфия жойга яширилган наркотик моддаларни олиб, уларни сотиш ва тарқатиш учун ўзаро жиноий тил бириктирганликлари аниқланди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, хуфия жойдан умумий оғирлиги 13 кг 653 гр опий моддаси олиниб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






