Ўзбекистон делегацияси таркибидан ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев, Миграция агентлиги директори Бехзод Мусаев, Россиядаги элчи Ботиржон Асадов, бош консул Мехриддин Хайриддинов ҳамда маслаҳатчи Баходир Назаров ўрин олди.
Учрашув давомида Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари, жумладан, фуқароларнинг ушланган ҳолатлари тўғрисида Ўзбекистон томонини ўз вақтида хабардор қилиш, миграция тадбирларини ўтказиш чоғида уларнинг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, юзага келаётган масалалар бўйича тезкор ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Назорат қилинувчи шахслар реестри билан боғлиқ масалалар, шунингдек, айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини тартибга солиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Россияда ташкилий равишда ишга жойлаштириш, уларни касбий ва кетишдан олдинги тайёргарликдан ўтказиш, шунингдек, миграция тартиб-таомилларини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, миграция соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.






