Зулматда бир кун: кўриш неъматини англаш учун ўтказилган кичик эксперимент — Kun.uz
Реклама
|11:2863513 дақиқалик ўқиш
Зулматда бир кун: кўриш неъматини англаш учун ўтказилган кичик эксперимент
|11:2863513 мин
Қаҳрамонимиз Исломбек Исмоиловнинг кўзлари кўрмайди. Шунда ҳам у борига шукур қилиб яшамоқда. Оддий одамлардек эмаслигига қарамай қўлидан кўп иш келади. Kun.uz мухбири кўзи ожиз инсонларнинг ҳаётини, уларнинг ички кечинмаларини ўзида ҳис қилиб кўриш учун Исломбек ака билан бир кун давомида худди у кишидай яшаб кўрди.
Тонг отганини кўриш, яқин инсонингизнинг юзидаги табассумни илғаш, фарзандингизнинг илк қадамларини кузатиш, йўлда кетаётиб олдингиздаги тўсиқни пайқаш, китоб ўқиш, телефон экранига қараш, оддийгина бир пиёла чойни дастурхонга тўкмасдан қуйиш — буларнинг аксарияти биз учун шу қадар одатийки, уларнинг қадрига кўпинча етмаймиз.
Биз кўришни неъмат сифатида эмас, ҳаётимизнинг ажралмас қисми сифатида қабул қиламиз. Шунинг учун ҳам у борлигида сезилмайди. Аммо бир зумга тасаввур қилинг: эрталаб уйғондингиз. Одатдагидек қўлингизни телефонингизга узатдингиз. Вақтни билмоқчисиз. Экранга қарадингиз. Лекин рақамлар йўқ. Кўзларингизни ишқалайсиз. Яна қарайсиз. Аммо атроф ёришмайди. Деразадан тонг нури тушмоқда, одамлар ўз кундалик ҳаётини бошлаган, ҳамма ишга ўқишга отланишди, аммо сиз буларни кўра олмайсиз, сиз учун бу тонг зулмат билан бошланди.
Бундай ҳолатда ўзингизни қандай ҳис қилардингиз?
Дунёда 43 миллион инсон ҳаётини айнан шундай шароитда давом эттирмоқда. Улар учун телефон экранидаги ёзувлар, кўчадаги белгилар, автобус рақамлари ёки яқин инсонининг юзидаги ифода биздагидек кўринмайди. Аммо бу уларнинг ҳаёти тўхтаганини англатмайди.
Улар ўзларига хос йўллар билан ўрганади, мослашади, ишлайди, оила қуради, фарзанд тарбиялайди, касб эгаллайди ва жамиятда ўз ўрнини топади.
Kun.uz мухбири эса ана шу ҳаётга ҳеч бўлмаганда бир қадам яқинлашиш учун ўзига ноодатий тажриба ўтказишга қарор қилди — бир кун давомида кўзларини боғлаб, кўзи ожиз инсон билан бирга яшаб кўрди.
Бу тажриба кўзи ожиз инсоннинг бутун ҳаётини бир кунда тушуниб олиш учун эмас, балки уларнинг ҳаётини ҳис қилиб кўриш, уларнинг кундалик ҳаёти, дуч келадиган қийинчиликлари, кучли томонлари ва биз кўп ҳолларда сезмайдиган неъмат - кўриш қобилиятига шукур қилиш ҳиссини томошабинларга етказиш.
Бугунги экспериментимизда Исломбек Исмоилов бизга ёрдам бердилар.
Қаҳрамонимиз — Ислом ака Исмоилов. 1983 йилда Тошкент вилояти Тошкент тумани Келес ҳудудидаги Ғиёс Умаров жамоа хўжалигида туғилган. Исломбек ака 6 ёшигача атрофни оз бўлса-да кўра олган. Аммо кейинчалик у кўриш қобилиятини бутунлай йўқотади.
Бу ҳолат ҳар қандай инсон учун оғир синов бўлиши табиий. Лекин Исломбек ака бу синов олдида таслим бўлмади. Ўзини йўқотиб қўймади. Аксинча, ўқишни, изланишни ва ҳаётда ўз йўлини топишни давом эттирди. У 6 ёшидан бошлаб кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда, 77-сонли “Нурли маскан” мактабида 10 йил таълим олди.
Мавзуга оид
Кейин Юнус Ражабий номидаги педагогика билим юртида вокал йўналиши бўйича 4 йил таҳсил олди. Шундан сўнг консерваторияни тамомлади.
Бугун Исломбек ака 77-сонли “Нурли маскан” ҳудудидаги 17-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг мусиқа бўлимида академик хонандалик ва вокал йўналиши бўйича дарс беради. У нафақат санъаткор, балки кўплаб шогирдларга йўл кўрсатаётган устоз ҳамдир. Унинг ҳаёти бизга инсон энг оғир синовлар қаршисида ҳам тўхтаб қолмаслиги, ўз кучини топиши ва бошқаларга ҳам илҳом бўла олиши кераклигини эслатади.
Исломбек ака ўз уйида бемалол ҳаракатланади. Ҳасса таёқчасига ҳам эҳтиёж сезмайди. Қаерда нима турганини билади. Ҳар бир хонанинг жойлашуви, буюмларнинг ўрни ва масофалар хотирасида аниқ сақланган. Исломбек ака уй юмушларини ўзи бажаришни яхши кўради. Ҳатто куйган чироқларни ҳам ўзи алмаштиради.
Бу ишни Kun.uz мухбири ҳам кўзлари боғланган ҳолда бажариб кўрди. Кўрмасдан оддий чироқни ушлаб, унинг жойини аниқлаш, чироқ жойини топиш ва тўғри бураш кутилганидан анча қийин бўлиб чиқди.
Биз кўз билан текширадиган нарсани Исломбек ака қўл ва хотира орқали назорат қилади.
Албатта, электр билан боғлиқ ишларда хавфсизлик талабларига риоя қилиш муҳим. Тажрибанинг мақсади ҳам хавфли ишларни кўрмасдан бажаришга ундаш эмас, балки кундалик ҳаётдаги оддий ҳаракатлар кўзи ожиз инсон учун қандай бошқача тажрибага айланишини кўрсатиш эди.
Электр арра, ёғоч ва қозон учун қопқоқ
Исломбек аканинг имкониятлари фақат уй ичида юриш ёки оддий юмушлар билан чекланмайди. У ёғочга ишлов берадиган асбоблардан ҳам фойдаланади. Ҳатто ўчоқдаги қозон учун ёғочдан қопқоқ ясаган. Мухбиримиз эса бу жараённи кўрганида ҳайратини яшира олмади. Чунки ҳатто кўзи очиқ одам учун ҳам ёғочни текис қилиб кесиш, ўлчаш ва ундан айлана шаклидаги буюм ясаш осон эмас.
Гап инсоннинг ўз имкониятини билиши, керакли кўникмани эгаллаши ва хавфсизликни унутмаган ҳолда мустақил бўлишга интилишида.
Сантехника ишларини ҳам ўзи бажаради
Исломбек ака ўғли билан бирга уйидаги сантехника ишларини ҳам бажарган. Аристон учун қувурлар тортишда махсус сантехника дазмолидан фойдаланишган. Бундай жараёнларни эшитиб лол қоласан киши. Чунки кўзи ожиз инсон ҳақидаги тасаввуримиз кўпинча унинг ниманидир қила олмаслиги атрофида шаклланади. Исломбек аканинг ҳаёти эса бунинг аксини кўрсатади. У ўзига керак бўлган кўплаб ишларни ўрганиб, бажариб келмоқда.
Унинг суҳбатдаги ҳазиллари, самимийлиги ва тинимсиз табассуми тажрибанинг оғирлигини бироз енгиллаштириб турди.
Мусиқа — Исломбек аканинг яна бир дунёси
Кейинги манзилимиз — унинг иш жойи бўлди, яъни 17-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби. Бу ерда мухбиримиз Исломбек аканинг шогирдлари билан қандай ишлашини кузатди. У дарс берар экан, овозидаги устозга хос талабчанлик ва меҳр сезилиб турарди. У ўз билимини шогирдларига етказишга ҳаракат қилади. Бу ерда унинг ҳаётидаги яна бир муҳим жиҳат намоён бўлади: у нафақат ўзи учун яшайди, балки ўрганганларини бошқаларга ҳам ўргатади. Кўзи билан ўқий олмайдиган инсон учун бармоқ сезгиси орқали ҳарфларни англаш — бутун бир бошқа ўқиш дунёсини яратади.
Кўчага чиққач, тажриба янада ўзгарди
Уй — таниш макон. Ишхона — таниш жой. Аммо кўча бошқача. Кўчада вазият доим ўзгариб туради. Одамлар юради. Машиналар ҳаракатланади. Автобуслар келади-кетади. Шовқин кўпаяди. Йўналишлар эса кўпайгани сари кўзи ожиз инсон учун айрим вазиятларда қўшимча қийинчиликлар юзага келиши мумкин. Исломбек ака билан кўзи ожиз инсонлар учун мўлжалланган махсус тактил йўлаклардан ҳам юриб кўрилди. Мухбиримиз кўзлари боғланган ҳолатда бу йўлаклардан юрар экан улар учун бу канчалик аҳамиятили эканлигини ўзида ҳис қилди. Кўзи очиқ одам учун оёқ остидаги релефли чизиқлар оддий йўлак бўлиб кўриниши мумкин. Аммо кўрмайдиган инсон учун улар йўналиш берувчи воситага айланади.
Автобус бекатидаги муаммо: шаҳар ҳам “гапириши” керак
Кейинги манзил - автобус бекати. Бу ерда Исломбек ака кўзи ожиз инсонлар учун жамоат транспортида нималар қулай, нималар эса қийинчилик туғдириши ҳақида гапирди. Масалан, бекатда қайси рақамли автобус келганини овоз орқали эълон қилиб туриш катта ёрдам бўлиши мумкин. Кўзи очиқ йўловчи автобус рақамини бир қарашда кўради. Кўзи ожиз инсон эса бу маълумотни эшитиши керак. Исломбек аканинг айтишича, айрим давлатларда бундай тизимлардан фойдаланилади. Автобуснинг ичида ҳам шунга ўхшаш муаммо бор. Баъзи автобусларда бекатлар овозли эълон қилинмаслиги ёки бу тизим ишламаслиги мумкин. Натижада йўловчи қайси бекатга келганини билиш учун бошқа одамлардан сўрашига тўғри келади. Бу кичик муаммо бўлиб кўриниши мумкин. Аммо инсоннинг мустақил ҳаракатланиши учун айнан шундай кичик қулайликлар катта аҳамиятга эга.
Метродаги зулмат
Автобусдан кейинги манзил — метро. Таниш йўналишда ҳаракатланиш Исломбек ака учун одатий бўлса-да, мухбиримиз учун кўзлари боғланган ҳолда метрога тушиш алоҳида синовга айланди. Зиналар. Одамларнинг шошилиши. Поездларнинг шовқини. Платформадаги ҳаракат. Буларнинг барчаси бир пайтнинг ўзида сезила бошлади. Тажриба давом етгани сари кўздаги боғичнинг оғирлиги ҳам кучайгандек бўлди. Аввалига бу қизиқарли тажриба эди. Кейинчалик еса у руҳий жиҳатдан ҳам синовга айланди. Мухбир бир неча соатдан кейин кўзидаги боғични ечиб, яна ёруғликни кўришни тобора кўпроқ хоҳлай бошлади. Бу истак вақт ўтиши билан кучайди. Атрофдаги одамларнинг қадам товушлари, суҳбатлари, метро шовқини янада аниқроқ эшитила бошлади. Аммо эшитиш кучайгани билан бир кўриш ўрнини боса олмасди.
“Мен бу тажрибани бир кун давом эттира олмаслигимни англадим”
Тажриба якунига етмаган бўлса-да, мухбир ўзининг руҳий ҳолатини яширмади. Кўзидаги боғични тезроқ ечиш, яна атрофни кўриш истаги кучайди. Бу бир кунлик тажриба эди. Исталган пайтда тугатиш мумкин эди. Аммо кўзи ожиз инсонлар учун бу боғични ечиб ташлашнинг имкони йўқ. Шу нуқтада тажрибанинг асосий маъноси янада яққол намоён бўлади.
Бир кунлик тажриба ҳам инсоннинг сабрини, руҳий ҳолатини ва одатларини жиддий синаши мумкин экан. Унда бутун ҳаётини шундай шароитда ўтказаётган инсоннинг кучи ва сабри ҳақида ўйлаб кўриш табиий.
Кўзи очилганда эса ҳаммаси бошқача кўринди
Ниҳоят тажриба якунланди. Мухбир кўзидаги боғични ечди. Атроф яна рангларга тўлди. Одамларнинг юзлари кўринди. Осмон, дарахтлар, бинолар, йўл — аввал оддий бўлиб туюлган манзаралар бирданига бошқача аҳамият касб этди.
Ўз уйида мустақил ҳаракат қиладиган инсон. Уй юмушларини бажарадиган инсон. Техник асбоблардан фойдаланишни ўрганган инсон. Фарзандлари билан бирга рўзғор ишларини қиладиган ота. Шогирдларига билим берадиган санъаткор. Жамоат транспортидан фойдаланадиган йўловчи.
Шу сабабли Исломбек акани фақат “кўзи ожиз инсон” деган битта таъриф билан чегаралаб қўйиш тўғри эмас. Унинг ҳаёти кўриш қобилиятининг йўқлигидан кўра кенгроқ. Унинг ҳаётида меҳнат бор. Санъат бор. Оила бор. Устозлик бор. Орзу ва масъулият бор.
Бир қарашда бу кўрсатув кўзи ожиз инсон ҳаётини тушунишга қаратилгандек. Аммо тажриба якунида бошқа савол пайдо бўлади. Биз ўзимиздаги имкониятларнинг қадрига етяпмизми? Биз ҳар куни кўраётган нарсаларимизни қанчалик қадрлаймиз? Яқинларимизнинг юзига қараш. Тонг отишини кўриш. Фарзандимизнинг табассумини кўриш. Китоб ўқиш. Кўчада бемалол юриш. Автобус рақамини бир қарашда аниқлаш. Оддийгина бир пиёла чойни кўриб туриб ичиш. Булар биз учун шунчалик оддийки, баъзан уларнинг асл қадрини унутамиз.
Ҳаётимизда ечими йўқдек туюладиган муаммолар сабаб тушкунликка тушганимизда эса бор неъматларимизни кўрмай қоламиз. Исломбек аканинг ҳаёти эса бошқа бир нарсани эслатади: инсоннинг имкониятларини фақат унда йўқ нарсалар билан ўлчаб бўлмайди. Баъзан инсоннинг энг катта кучи — унда бор нарсаларни қандай ишлата олишидадир. Шунинг учун кўрсатув давомида Исломбек ака мухбирга фақат кўрмасдан юришни ўргатмади. У сабрни, мослашишни, ўзига ишонишни ва имкониятлардан фойдаланишни кўрсатди.
Исломбек ака бугун ўз фарзандларини тарбиялаб, ёш авлодга таълим бериб, жамиятга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бироқ оилавий ва таълим билан боғлиқ харажатлар унинг зиммасига ҳам тушмоқда. У фарзандларининг университетдаги контракт тўловларини амалга ошириш учун кредит олганини, айни пайтда ушбу кредитни тўлашда бироз қийналаётганини айтди.
Бу ҳикоянинг энг муҳим жиҳати шундаки, Исломбек ака ёрдам сўраб ҳаётдан чекинаётган инсон эмас. Аксинча, у имкон қадар ўз меҳнати билан яшаб, фарзандлари учун масъулиятни ўз зиммасига олиб келаётган инсон. Шунга қарамай, бугун унга озгина кўмак катта енгиллик бўлиши мумкин.
Агар ушбу кўрсатувни томоша қилган, Исломбек аканинг ҳаёт йўли ва интилишини қадрлаган саховатпеша инсонлар бўлса, унинг кредит тўловларини енгиллаштириш учун қуйидаги карта рақамига ўз имкониятлари доирасида ёрдам юборишлари мумкин:
Карта рақами: 5614683879076727 Исломбек Исмаилов
5440810377516611 Исломбек Исмаилов
Ҳар қандай ёрдам ихтиёрий.
Kun.uz’нинг YouTube каналида кўрсатувни тўлиқ томоша қилинг.