Инсон бутун ахборотнинг 80 фоизини кўриш орқали олиши аллақачон исботини топган. Баҳоси йўқ бу аъзомизнинг аҳамиятини ҳис қилиш жуда осон – кўзингизни бир дақиқага юминг ва бирор ишни бажаришга уриниб кўринг.

Аммо сўнгги йиллар статистикаси жуда қўрқинчли – одамзот гаджетлар уммонига борган сари кўпроқ шўнғимоқда ва бунинг учун кўзларини қурбон қилишда давом этмоқда.

Тиббиётда эталон ҳисобланувчи немис клиникаларининг сўнгги тадқиқотларига эътибор беринг. Мамлакатдаги 50 млн нафардан ортиқ аҳоли смартфон ва гаджетларга тикилишни одат қилиб бўлган. Айниқса 14-29 ёш оралиғидаги ёшлар ҳар куни (!) камида 274 минутларини мониторга тикилиб ўтказмоқдалар. Бу 2015 йилдагига нисбатан 26 минут кўп дегани. Арзимас фарқ туюлиши мумкин, аммо бу бир ҳафта, ой ёки йилга кўпайтирилса, қанча муддатга айланишини билиш қийин эмас ва бу вақтнинг ҳаммаси кўзга бевосита зўриқиш беради.

Айнан мана шу сўнгги уч йил ичида Германияда кўзойнак тақувчилар сони 1 млн кишига ошган.

Муаммо нимада?

Аслини олганда, мониторга тикилиб нимадир ўқиш ёки ишлашнинг жиддий зарарли томони йўқ. Бироқ меъёрни унутиш албатта муаммо туғдиради.

Одам кўзи шундай табиатга эгаки, ҳамиша нигоҳ нуқтасини ўзгартириб туриш зарур. Гоҳ яқин, гоҳ узоққа, турли тасвирларга тикилиш кўзни машқ қилдириб туради. Гаджетларга мунтазам бир хил масофадан тикилиб туриш эса албатта кўриш қобилиятига салбий таъсир қилади. Кўз олмаси яқин турган телефонни қамраб олиш учун зўриқиб ишлайди.

Рақамлар телефон зарарига

Бир вақтлар газета ёки китобни кўп ўқиш ҳам кўзга зарарли ҳисобланган. Лекин бугунги кун муаммолари олдида у ҳадиклар ўйинчоқ бўлиб қолди. Инсон газета ўқиганида одатда газетани 40 см масофада ушлайди. Компютерда ишлаганидан эса 60-70 см масофа сақлайди. Телефонда эса бу рақам 20-30 сантиметрга тушади ва хавфли тус олади.

Сўнгги 20 йил статистикаси шуни кўрсатмоқдаки, Европанинг аксарият давлатлари орасида болалар шабкўрлиги бир ярим баробар ортган.

Кўзни қандай асраш лозим?

Аввало, дастлабки белгиларга жиддий қараш лозим. Кўз намлиги пасайиши, қизариши, кўриш ўткирлиги ўзгариши, нурларга таъсирчанлик, ёш пайдо бўлиши кабиларнинг бири ёки бир нечтаси пайдо бўлдими, дарҳол жиловни ортга тортинг. Чунки дисплейлардан таралаётган кўкиш нур кўз тўр пардасига салбий таъсир қилади.