Тегишли низом Мудофаа вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг қўшма қарори билан тасдиқланди.

Унга кўра, имтиёзли тавсиянома «Ватан таянчи» ҳаракатида фаол иштирок этган ва таълим ташкилотини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир отряддан бир нафар аъзога берилади.

Шунингдек, «Жасорат мактаби»ни аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир «Ватан таянчи» отрядидан бир нафар аъзо ҳам тавсиянома олиши мумкин.

«Ватанпарварлар» ҳарбий-спорт мусобақаларининг республика босқичида 1-ўринни эгаллаган жамоа аъзолари ҳамда маҳалла ёшлари ўртасида ўтказиладиган «Шижоат ва ғайрат» мусобақаларининг республика босқичи ғолиби бўлган жамоа аъзоларига ҳам шундай тавсиянома берилади.

Тавсияномага эга абитуриентларга Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг олий ҳарбий ҳамда олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига киришда имтиёз қўлланади.

Бунда тест синовлари ёки якка тартибдаги якуний суҳбат натижасида абитуриент тўплаган баллнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади.

«Жасорат мактаби»ни аъло баҳолар билан тамомлаган «Ватан таянчи» отряди аъзосига берилган тавсиянома юридик таълим муассасаларига ўқишга киришда ҳам имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Тавсиянома расмийлаштирилган кундан бошлаб уч йил давомида амал қилади.