Ширан хатога йўл қўйганини айтди ва Яқин Шарқдаги можаро юзасидан муносабат билдирди.
«Мен ҳеч қачон активист-мусиқачи бўлишни хоҳламаганман, аммо бу вазият туфайли сўз эркинлиги ва сайёрадаги энг мураккаб сиёсий масала ҳақидаги муҳим ва қизғин баҳс марказига тушиб қолдим», – деди Ширан Филаделфиядаги концерти аввалида.
Loop Tour’нинг 4 сентябр куни Ню Жерсида ўтказилган биринчи концертида даврани қизитиш учун саҳнага чиққан америкалик рэпер Macklemore «Фаластинга озодлик!» дея ҳайқирганди.
У 2024 йилда Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторига ҳужуми пайтида ҳалок бўлган беш ёшли қизалоқ хотирасига бағишланган Hind's Hall номли қўшиғи тақдимоти вақтида ҳам шундай йўл тутганди. Ушбу қўшиғи орқали мусиқачи Колумбия университетида Исроилнинг ҳаракатларига қарши норозилик билдирган талабаларни ҳам қўллаб-қувватлаганди.
5 сентябр кунги концертда эса Macklemore яҳудий мухлисларга мурожаат қилиб, «Исроил ва апартеидни танқид қилиш, геноцидга норозилик билдириш – барча яҳудийларни танқид қилиш эмаслиги»ни айтади.
Исроил ҳукумати бир неча марта Ғазодаги апартеид ва геноцид уюштириш бўйича айбловларни рад этган.
Рэпернинг ўзини тутиши Исроилни қўлловчи гуруҳлар танқидини келтириб чиқарди, жумладан, Macklemore’ни тур доирасидаги кейинги концертлардан четлатиш талаби билан петиция уюштирилди.
Шундан кейин Macklemore’нинг тур доирасидаги чиқишлари бекор қилинди, миллиардер Роберт Крафт эса ўзига тегишли бўлган стадионда ушбу рэпернинг қўшиқ куйлашига йўл қўймасликни талаб қилди.
Америка яҳудийлар жамоасига мансуб бўлган ва Исроилни қўллаб-қувватловчи Крафт рэперни нафрат уйғотишда айблади. У қўшиқчи «фақат танлаб олинган маълумотларни тарқатиши ва Ҳамас ҳаракатларини эътиборсиз қолдириши»ни таъкидлаган.
Можаро давоми: Ширан яна нималар деди?
Шундан сўнг, Шираннинг концертларини қиздириш учун жалб этилган барча санъаткорлар рэпер билан бирдамлик ифодаси сифатида гастролда иштирок этишдан бош тортди.
Бу можаро натижасида Шираннинг АҚШ бўйлаб гастролининг қолган қисмига қизиқиш пасайди, нархи арзонлаштирилганига қарамай, чипталар сотилмай қолди.


















