Украина президенти Володимир Зеленский 1 сентябр куни кечки мурожаатида Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган халқаро авиакомпаниялар ва суғурта компанияларини эҳтимолий хавфлар ҳақида огоҳлантирди.

Унинг сўзларига кўра, Украина дронларининг Россия ҳудудидаги объектларга ҳужумлари мамлакат ҳаво ҳудудидаги хавфсизлик вазиятига таъсир қилмоқда.

Зеленский Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган ҳар бир авиакомпания, суғурта компанияси ва Россиянинг йирик аэропортлари билан ишлаётган томонлар вазиятни инобатга олиши кераклигини таъкидлади.

«Россия осмони тўлиқ хавфли бўлиб бормоқда», деди у. Украина раҳбарининг айтишича, Россия ҳудуди узра дронлар парвоз қилиши давом этади ва авиакомпаниялар бу омилни ҳисобга олиши зарур.

Зеленский Россия ҳаво ҳудуди амалда босқичма-босқич ёпилиб боришини ҳам иддао қилди. Шу билан бирга, у Украина фуқаролик авиациясини нишонга олмаслигини таъкидлади.

«Биз Украинада бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлишини истамаймиз. Шунинг учун ҳамкорларимизни огоҳлантиряпмиз», деди Зеленский.

Унинг таъкидлашича, ушбу огоҳлантиришни Украина ва Россиядаги хорижий элчихоналар, шунингдек, Москва, Санкт-Петербург ва Россиянинг бошқа асосий йўналишларига парвоз қилаётган авиакомпаниялар ҳам инобатга олиши керак.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва тегишли идоралар вазият бўйича халқаро ташкилотларга батафсил маълумот тақдим этиши режалаштирилган. Зеленский «фуқаролик авиациясининг дронлар орасида ўрни йўқ»лигини таъкидлади.

Украина президентининг баёнотидан сўнг «Аэрофлот» акциялари Москва биржасида 1 сентябр кечқурун 5,11 фоизга арзонлаб, бир акция учун 30,36 рублгача тушган.

Россия президенти Владимир Путин эса Зеленскийнинг Россия ҳаво ҳудуди ҳақидаги баёнотини «давлат терроризмига даъво» деб атади.

Путин Россия бунга жавоб бериш йўлларини топишини билдирди.

Аввалроқ Financial Times миллиардер Илон Маск Украинага Starlink тизими билан жиҳозланган дронлардан Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бериш учун фойдаланишга рухсат беришга тайёр экани ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга, Маск бундай қарор сиёсий характерга эга бўлиб, уни АҚШ маъмурияти қабул қилиши кераклигини таъкидлагани айтилган.