Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг бориши юзасидан тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, мамлакат иқтисодиётининг жадал ўсиши, саноат ишлаб чиқариши ва ташқи савдо ҳажмининг кенгайиши транспорт инфратузилмасини изчил ривожлантиришни тақозо этмоқда. Ўзбекистонни Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айлантириш, халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш бу борадаги устувор вазифалардандир.

2030 йилга қадар транспорт хизматлари ҳажмини икки баробар ошириш, соҳага 9,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва хизматлар экспортини 5,7 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Тақдимотда ушбу мақсадларга эришиш учун амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари, уларнинг муддатлари ва ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўриб чиқилди.
Аввало, аэропортлар қурилиши ва модернизацияси бўйича ахборот берилди.
Тошкент ва Бухорода умумий қиймати қарийб 3 миллиард доллар бўлган янги аэропорт мажмуаларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Янги Тошкент халқаро аэропорти дастлабки босқичда йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланиб, ҳудудни қурилишга тайёрлаш ва муҳандислик тармоқларини кўчириш ишлари амалга оширилмоқда.

Янги Бухоро халқаро аэропортида аэродром инфратузилмаси барпо этилмоқда. Йўловчи терминалини қуриш ва бошқаришга хусусий шерикни жалб қилиш бўйича халқаро тендер ўтказилмоқда.
Шунингдек, Урганч, Наманган аэропортларини давлат-хусусий шериклик асосида, Андижон аэропортини хусусий операторни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш лойиҳаларининг бориши кўриб чиқилди. Натижада аэропортларнинг ўтказувчанлиги оширилиб, йўловчиларга халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаяди.

















