Тошкент шаҳри Шаҳрисабз кўчасидаги BRT (bus rapid transit) йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар бермоқда.
Лойиҳанинг мазкур босқичи Шаҳрисабз, Миробод ва Шота Руставели кўчалари туташган айланма чорраҳадан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмагача бўлган 1,2 километрлик участкани қамраб олди.
Қурилиш жараёнида мавжуд асфалт қопламасини янгилаш билан чекланилмади: BRT йўлагида катта сиғимли автобусларнинг мунтазам ҳаракати ва доимий юкламаси ҳисобга олиниб, йўлнинг остки конструкцияси тўлиқ қайта қурилди. Бунинг учун айрим қисмларда 2 метрдан ортиқ чуқурликкача қазилиб, мавжуд асос олиб ташланди ва йўл пойдевори қайта шакллантирилди. Грунт намлиги, тупроқнинг силжиши ва кейинчалик чўкиш хавфини камайтириш мақсадида геотекстил қопламаси ётқизилди.
Шундан сўнг йўл асоси босқичма-босқич мустаҳкамланиб:
- 35 сантиметр қалинликдаги қум-шағал аралашмаси ётқизилди;
- М-75 маркали мустаҳкамловчи қатлам ташкил этилди;
- 9 сантиметр қалинликдаги йирик донали асфалт-бетон қатлами ётқизилди;
- якуний қоплама сифатида 5 сантиметр қалинликдаги ПШМА-20 қўлланилди.

BRT инфратузилмаси доирасида 6 та янги автобус бекати ташкил этилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракат йўлаги шакллантирилди. BRT йўлаги умумий транспорт оқимидан бордюрлар орқали жисмонан ажратилди.
Бу ечим автобусларнинг тирбандликка камроқ боғлиқ ҳолда ҳаракатланиши, қатнов оралиғининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда бекатларга хавфсиз кириб-чиқиш имкониятини яхшилашга хизмат қилади.
Қурилиш давомида йўл ҳаракати тўлиқ тўхтатилмади. Ишлар марказий қисмдаги тасмаларда босқичма-босқич олиб борилиб, транспорт воситалари ҳаракати кўчанинг икки йўналишидаги чекка ўнг тасмаларда сақлаб қолинди.

1,2 километрлик ушбу участка Шаҳрисабз кўчасида BRT инфратузилмасини шакллантиришнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Умумий лойиҳа доирасида Шаҳрисабз кўчасининг қарийб 3 километрлик қисмида БРТ йўлагини ташкил этиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 2030 йилгача Тошкентда BRT йўлакларининг умумий узунлиги 57,5 километрга етиши, “А” ҳарфли ётиқ чизиқ билан белгиланган автобус йўлаклари узунлиги эса 347 километрни ташкил этиши режа қилинган.







