Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳрида Замонавий санъат маркази очилишида иштирок этди.

“Тошкентда Замонавий санъат марказининг (“CCA Tashkent”) очилиш маросими бўлди. Ушбу даргоҳда кўргазма заллари, кутубхона, консепт-стор, таълим майдонлари ҳамда учрашув ва тадқиқотлар учун мўлжалланган жамоат ҳудудлари ўрин олган. Қамровининг бу қадар кенглиги уни бутун Марказий Осиё минтақасида шу турдаги биринчи рақамли мажмуа даражасига олиб чиқмоқда”, деб ёзди у ўз телеграм-каналида.

Янги маданий кластер 1912 йилда қад ростлаган собиқ дизел электр станциясининг тарихий биносида жойлашган бўлиб, иншоотнинг меъморий трансформацияси дунёга машҳур “Studio КО” бюроси томонидан амалга оширилган. Бу ерда кўргазмалар, илмий изланиш жараёнлари, маърузалар, очиқ мулоқотлар, фильм намойишлари, концерт ва перформанслар мунтазам ўтказиб борилади.

“Мамлакатимизда яна бир шундай нуфузли, замонавий майдоннинг вужудга келгани алоҳида аҳамиятга эга. “CCA Tashkent” ижодкорлар, кураторлар ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ўзбекистонлик истеъдод эгаларининг янги аудиторияга чиқиши ҳамда хорижий саҳналарда муносиб эътироф топишига замин яратади.

Мазкур лойиҳа Президентимизнинг ташаббуслари ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг катта саъй-ҳаракатлари натижасида рўёбга чиқди”, дея фикр билдирган Саида Мирзиёева.