Маҳаллий расмийларга кўра, якшанба тонгида аэропорт яқинидаги ҳаво кенглигида Анак-Кракатау вулқонидан чиққан кул аниқлангач, 209 та рейс тўхтатилган ёки кейинга қолдирилган.

Ява ва Суматра ороллари ўртасидаги Сунда бўғозида жойлашган вулқон жума куни кечқурун отила бошлади, бу эса узлуксиз сейсмик фаолликни келтириб чиқарди ҳамда атрофга лава оқиб чиқди. Расмийларга кўра, якшанба куни эрта тонгда яна икки марта вулқон отилиши кузатилган.

Аэропорт вақтинча (маҳаллий вақт билан соат 13:30 гача) ишламаган, бу эса 22 минг кишининг ҳаётига турли даражада таъсир кўрсатган.

Транспорт вазирлиги хабар қилишича, парвозлар тўхтатилиши асосан Сингапурга борувчи ва у ердан келувчи рейсларга, шунингдек, Доҳа, Сидней ва Куала-Лумпур каби бошқа халқаро йўналишларга таъсир қилган.

Расмийлар вулқон фаоллашгани билан боғлиқ равишда цунами хавфи йўқлигини тасдиқлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жабрланган ҳудудлар аҳолисини ёпиқ биноларда қолишга ҳамда тиббий ниқоблардан фойдаланишга чақирган.

Маҳаллий Kompas нашри маълумотига кўра, бир неча мактабда шанба куни дарслар бекор қилинган, ўқувчилар ва аҳоли кул туфайли кўзлари ачишганидан шикоят қилган. Балиқчилар ҳам кўздаги оғриқдан шикоят қилишган ва дам олиш кунлари денгизга чиқишмаган.

photo_2026-09-07_15-14-15
Фото: Getty Images
Сингапурга ва ундан, шунингдек, Доҳа, Сидней ва Куала-Лумпурга парвозлар тўхтатилди.

Фото: Getty Images

Сингапурга ва ундан, шунингдек, Доҳа, Сидней ва Куала-Лумпурга парвозлар тўхтатилди.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Алди Чандра Прайоги журналистларга айтиб беришича, жума куни оқшомидан бери у «кўзига майда қум зарралари тушгандек» ҳис қилаётганини ва бу ноқулайликни йўқотиш учун томчи дорилардан фойдаланишига тўғри келаётганини айтган.

У қуюқ чанг қоплагани туфайли ҳар беш дақиқада уйининг олд ҳовлисини супуришига тўғри келаётганини таъкидлаган.

«Кракатау боласи» деган маънони англатувчи Анак-Кракатау вулқони ўтган аср бошларида 1883 йилдаги машҳур Кракатау отилишидан кейин ҳосил бўлган калдерада денгиздан кўтарилганидан бери вақти-вақти билан фаоллашиб туради.

2018 йил декабр ойида бу вулқон қисман парчаланиб, 400 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлган улкан цунамига сабаб бўлганди. Ўшанда Суматра ва Явада минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.