Непал ҳукумати камида 1455 кишининг ҳаётига зомин бўлган ҳалокатли музлик кўчиши ва сув тошқини ортидан бошланган қидирув-қутқарув операцияси якунланганини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Непал Фавқулодда вазиятлар бўйича миллий оператив маркази раҳбари Фаниндра Паудел агентликка «қидирув ва қутқарув босқичидан тиклаш босқичига» ўтилаётганини маълум қилди.
Операция чоғида 13,8 мингга яқин киши қутқарилган. Камида 5285 киши ҳамон бедарак йўқолганлар рўйхатида қолмоқда. Расмийнинг сўзларига кўра, уларнинг оиласи ёки қариндошларига суғурта, банк ва бошқа ҳуқуқий расмиятчиликларни бажариш имконини бериш мақсадида бедарак йўқолганларни расман вафот этган деб эълон қилиш масаласи аллақачон кўриб чиқилмоқда.
Табиий офатлар хавфини камайтириш миллий бошқармаси раҳбари Дҳарам Раж Упрети эса зарурат туғилганда фавқулодда қутқарув ишлари ўтказилишини билдирди.
26 август куни Непалнинг Тибет билан чегарадош ҳудудида, Лангтанг-Лирунг тоғидаги музликнинг бир қисми кўчиши оқибатида ҳалокатли сув тошқини содир бўлди. Юзага келган селлар Непалнинг олтита ҳудудида ва Хитойнинг Тибет мухтор районида вайронагарчиликларга олиб келди. Оқибатда 12 та гидроэлектр станцияси, йўллар, кўприклар, фермер хўжаликлари ва аҳоли пунктлари вайрон бўлди.
24 сентябрь куни Непал бош вазири Балендра Шаҳ БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқида мамлакат офат оқибатларини бартараф этиш учун халқаро ёрдам кўламини оширишга ўта муҳтож эканини англатди. Ҳукумат маълумотларига кўра, тикланиш харажатлари 4,78 миллиард долларга баҳоланмоқда, бу эса мамлакат ЯИМ қарийб 12 фоизини ташкил этади. Фақат энергетика объектлари ва электр тармоқларини таъмирлашга 2,58 миллиард доллар талаб этилади. Непал ҳозирча бу маблағни қаердан топишни билмаяпти.

















