Адлия вазирлигида Автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда лаборатория синовларини амалга ошириш тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.
Ҳужжат автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларининг йўл қурилишига оид меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги ҳамда сифатини лаборатория синовлари орқали баҳолаш тартибини белгилайди.
Низомга мувофиқ, пудрат ташкилоти бажарилаётган ишлар сифати устидан доимий лаборатория назоратини таъминлаши шарт. Агар пудратчининг ўз синаш лабораторияси мавжуд бўлмаса, у шартнома асосида бошқа лабораторияни жалб қилиши мумкин.
Шу билан бирга, буюртмачи қурилиш, реконструкция ёки таъмирлаш ишларининг ҳажми ва сифати йўл қурилиши ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида мустақил синаш лабораториясини жалб этади.
Буюртмачи томонидан жалб қилинадиган лаборатория албатта аккредитациядан ўтган бўлиши ҳамда уни танлаш «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари асосида амалга оширилиши белгиланган.
Низомга кўра, буюртмачи пудрат ташкилотининг ўз лабораториясини ёки у томонидан жалб этилган лабораторияни қабул қилиш жараёнига жалб қилишига йўл қўйилмайди. Бу талаб йўл қурилиши ишлари сифатини мустақил ва холис баҳолашни таъминлашга қаратилган.











