Тошкент вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси маҳалла фуқаролар йиғини ва фуқаролар зиммасига 1 758 туп дарахтни бошқа жойга кўчириш мажбуриятини юклаш ҳақида ажрим чиқарди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Ажримда келтирилишича, Тошкент тумани Қизғалдоқ маҳалласи Қизғалдоқ кўчасида яшовчи аҳоли 2023 йилда ҳудуддан ўтган юқори кучланишли электр тармоғи муҳофаза зонасидаги ер майдонини ободонлаштирган. Улар бу ишни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг ёзма рухсатини олган ҳолда амалга оширишган.
Фуқаролар ушбу ер майдонига жами 1758 туп (633 тупи манзарали, 1125 тупи мевали) дарахт кўчатларини ўтқазишган. Ушбу ҳудуд ҳозирда яшил зонага айланган. Дарахтлар белгиланган тартибда далолатнома тузилиб, “Қизғалдоқ” МФЙга бириктирилган.
2025 йилга келиб, ушбу 2,5 га ер майдонининг эгаси чиққан: у 2021 йилда туман ҳокими қарори билан МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилгани маълум бўлган.
Муҳим жиҳат: Тошкент тумани ҳокимининг 2021 йилдаги қарорида МЧЖга “Боғизилол” МФЙ ҳудудидан ер майдони ажратиб бериш назарда тутилган. Туман ҳокимининг 2026 йил 22 январдаги қарори билан дастлабки қарордаги “Боғизилол МФЙ” сўзлари “Қизғалдоқ МФЙ” сўзларига ўзгартирилган.
МЧЖ судга даъво аризаси киритиб, ер майдонида кўкаламзорлаштириш ҳамда манзаралари дарахт кўчатлари етиштириш фаолиятини амалга ошириш учун жавобгар томон қаршилик қилаётганини билдирган. Даъво аризасида жавобгар фуқароларга 1758 туп дарахтни маҳаллий ҳокимлик кўрсатган бошқа ҳудудга кўчириш мажбуриятини юклаш сўралган.
ФИБ Зангиота туманлараро судининг 2026 йил 26 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. Зангиота тумани прокурори в.в.б. Х.Убайдуллаев апелляция протести киритиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ҳамда даъво талабини қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори қабул қилишни сўраган.
Шу тариқа, Тошкент вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 10 июлдаги ажрим билан дастлабки суд қарорини бекор қилган ва янги қарор қабул қилган.
Унга кўра, суд даъвогар томоннинг жавобгар фуқароларга 1758 туп дарахтни кўчириш мажбуриятини юклаш ҳақидаги даъво талабини қаноатлантирган. Ажрим билан “жавобгар” МФЙ зиммасига дарахтларни кўчириш мажбуриятини юклаган. Дарахтларни кўчириш билан боғлиқ харажатлар даъвогар зиммасига юкланиши белгиланган.
















